Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ямандаги тинчлик сулҳи муҳлати якунланди
Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси Ямандаги ҳусийчилар билан тузилган тинчлик сулҳи муддати якунлангани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда саудияликларнинг миллий ахборот агентлиги бўлмиш Saudi Press Agency (SPA) хабар тарқатган.
"Яманнинг қонуний ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Альянс раҳбарияти бу мамлакатда амалда бўлиб турган тинчлик сулҳи 2 январь куни соат 14:00да бекор бўлганини эълон қилади", дейилади хабарда.
20 декабрь куни Яманда ўт очишлар тўхтатилиши яна 1 ҳафтага узайтирилганди. Икки томон вакиллари 14 январь куни музокаралар столи атрофида учрашишга келишишган.
Ямандаги ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ БМТ иштирокидаги музокаралар орқали 15 декабрь куни жорий қилинганди.
Маълумот учун, Ямандаги исёнчи ҳусийчилар 2015 йилнинг январида мамлакат пойтахти Сано шаҳрини эгаллаб олишди ва жанубга қараб ҳаракатланишни бошлашди. Бир неча ойдан кейин исёнчилар жанубий пойтахт Адан устидан ҳам назорат ўрнатишди ва мамлакат президенти Абд Раббо Ҳодий Саудия Арабистони пойтахти Эр-Риёд шаҳрига қочиб кетди.
26 март куни Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб давлатлари коалицияси исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётларни бошлади. Бу мамлакатда сиёсий можаролар туфайли кейинги 1 йилдан ошиқ вақт давомида қурбон бўлганлар сони 6 минг нафарга яқинлашган.