Жаҳон | 10:39 / 02.01.2016
5199
2 дақиқада ўқилади

Япония йўлларида бир неча километрларга чўзилиб кетган тирбандликлар юзага келди

Кўпчилик японияликлар янги йил байрамларидан кейин уйларига қайтаётганларида Япониянинг бош транспорт магистрал йўлларида ўнлаб километрларга чўзилиб кетган автомобиль тирбандликлари юзага келди.

NHK телеканалининг маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 2 январь соат 5:00 да Нара префектурасидаги Ямато туннелига олиб борувчи йўлда 45 км лик, Саитамага олиб борувчи йўлда эса 40 км лик тирбандлик юзага келган. Тохоку ва Тюгоку магистралларида 35 км лик тирбандликлар қайд қилинган.

Аэропортлар ва темир йўл вокзалларида катта миқдорда одамлар тўпланиб қолган: катта шаҳарларнинг кўплаб аҳолиси янги йил арафасида қишлоқдаги “она уйларига” байрамни нишонлагани борадилар. Ички авиарейслар ва тезкор поездларга чипталар деярли тўлиқ сотиб бўлинган.

Японияда расман Янги йил байрам кунлари 1 ва 2 январь ҳисобланади. Бироқ Кунчиқар мамлакатнинг борган сари кўпроқ аҳолиси дам олишни Янги йил байрамидан бир неча кун аввалроқ бошлашни одат қилишмоқда. Йилнинг охирги кунида кўплаб ташкилотлар қисқартирилган таркибда ишлайди ёки умуман ишламайди.