Спорт | 14:46 / 03.01.2016
4180
2 дақиқада ўқилади

"Дакар" раллиси вақтидаги нохуш ҳодиса туфайли жабрланганлар сони 10 нафарни ташкил этди

Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда 2 январь куни бошланган “Дакар” ралли-марафонининг биринчи кунида Хитой жамоасининг автомобили томошабинларга бориб урилиши натижасида жароҳатланганлар сони 10 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 2 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Автомобилни бошқарган хитойлик аёл пойгачи Го Мэйлин машинасини бир гуруҳ томошабинлар устига бостириб борган.

Хабар қилинишича, жабрланиб шифохонага ётқизилган 10 кишининг бири ҳомиладор аёл эди. Унинг ҳолати ҳозирда яхшилангани айтилган. Машина зарбасига учраган ота ва унинг 14 ёшли ўғлининг аҳволи жиддий қолмоқда. Уларни шифохонага вертолёт орқали олиб боришган.

"Биз жами 10 кишини қабул қилдик. Улардан 4 нафари вояга етмаганлар эди. Ҳомиладор аёлнинг аҳволи барқарорлашган. 2 киши, ота ва ўғил жиддий жароҳат олган", деб маълум қилган Сейнт Френсис шифохонаси бош шифокори Даниэль Модесто.

Нохуш воқеа сабабли пойгалар тўхтатилди. 3 январда пойга иштирокчилари Росарио шаҳридан Вилья-Карлос-Пас шаҳрига йўл олишади.

Ушбу пойгалар Аргентина ва Боливия ҳудудларидаги 9 минг км йўл бўйлаб ўтади ва 16 январда Росарио шаҳрида якунланади. Пойга стартига 350тадан кўпроқ транспорт воситаси, жумладан 55та спорт юк машинаси чиққан.