Жаҳон | 10:11 / 03.01.2016
17883
2 дақиқада ўқилади

Трамп Обама ва Клинтонни ИШИДни ташкил қилишда айблади

АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп мамлакатнинг амалдаги раҳбари Барак Обама маъмурияти ва собиқ давлат котиби, навбатдаги президентлик сайловидаги демократларнинг асосий номзоди Ҳиллари Клинтонни ИШИДнинг ташкил этишда айблаб чиқди. Унинг чиқиши Associated Press агентлиги томонидан YouTube порталига жойлаштирилган.

Трамп Саудия Арабистони ҳукумати шиалар етакчиларидан бири Нимр ан-Нимрни қатл этгани маълум бўлгач, қиролликнинг Теҳрондаги элчихонаси намойишчилар ҳужумига учрагани юзасидан фикр билдирди. "ИШИДни улар яратди. Ҳиллари Клинтон ИШИДни Обама билан бирга яратди", деди Трамп.

"Ҳиллари Клинтон Обама билан биргаликда ИШИДни юзага келтиришди. Клинтон 2009 йилдан 2013 йилгача АҚШ давлат котиби бўлиб ишлаганди. Айнан шу даврда "араб баҳори" бўлиб ўтган ва унинг ортида аввал Ливияда, кейин Сурияда фуқаролар уруши бошланганди", дея эслатади у.

Қайд этиш керакки, Трамп ва Клинтон мамлакатдаги икки сиёсий партиянинг президентлик сайлови арафасидаги асосий вакиллари бўлиб, улар ўртасида алоҳида рақобат кечмоқда.

19 декабрь куни Клинтон хоним томонидан Трампнинг мусулмонларга нисбатан позицияси кескин қораланганди. "У яхшиси ИШИДнинг ёлловчиси бўлиши керак", деганди Клинтон.

Трамп эса рақибини ёлғонларда айблаганди. "У алдоқчи ва буни ҳамма билади. Унинг гаплари учун ҳеч қандай исбот йўқ", деганди Трамп.

2 январь куни Саудия Арабистони ИИВ 47 кишига нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилгани, улар орасида мамлакатдаги шиалар етакчиси шайх Нимр ан-Нимр ҳам бўлгани ҳақида маълум қилганидан кейин Эрон ва эронликлар бу воқеага кескин норозилик билдиришган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш