Жаҳон | 10:19 / 04.01.2016
27887
7 дақиқада ўқилади

Туркияда нима гап?

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон шу йилнинг 31 март куни АҚШга ташриф буюришини маълум қилди. У ядро хавфсизлигига бағишланган саммитда иштирок этади. Маълумки, ядро хавфсизлиги бўйича тўртинчи ва сўнгги халқаро саммит 31 мартдан 1 апрелга қадар Вашингтонда бўлиб ўтади. Биринчи саммит 2010 йилда Вашингтонда, иккинчиси 2012 йилда Сеулда ва учинчиси 2014 йилда Гаагада бўлиб ўтган эди.

Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифини якунлаб, ватанига қайтар экан, Ражаб Тойиб Эрдўғон оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Унинг Вашингтонга сафари хақидаги баёноти эмас, балки конституциявий ислоҳотлар эхтиёжи борасидаги баёноти анча шов-шувларга сабаб бўлди. Унитар давлатни сақлаб қолган ҳолда президент бошқарувини жорий қилиш мумкинми, деган саволга жавоб берар экан, президент, унитар давлатни бошқаришда Адольф Гитлер вақтидаги Германиянинг президентлик бошқарувини мисол сифатида келтириб ўтди. “Дунёда бу каби бошқарувдаги кўплаб давлатларни мисол сифатида келтириш лозим. Сиз бу борада Гитлер Германиясини кўришингиз мумкин. Бошқа давлатларни ҳам мисол сифатида келтиришимиз мумкин”, деди Эрдўғон.

Эрдўғон ўз сўзида президентлик тузуми барча муаммоларни ҳал қила олмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди ва бу тизимни жорий қилишда жамиятдаги барча қатламларнинг фикрига қулоқ солишини маълум қилди.

Яқиндан бошлаб Туркияда юз бераётган ҳар қандай салбий ҳодиса ва воқеаларни кутиб турган ва бу борада жар солишни яхши кўрадиган Россия матбуоти бири олиб, бири қўйиб Эрдўғонинг Гитлер Германияси хақидаги фикрларини тинмай келтирмоқда. Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўзининг Facebook'даги саҳифасида “мана энди кўп нарса ойдинлашди” деб ёзди.

Бироқ, Туркия президентининг маъмурияти Эрдўғонинг фикрлари матндан узиб олинганлигини ва нотўғри талқин қилинаётганлигини айтмоқда. Баёнотда Эрдўғон Гитлер бошқаруви йилларини салбий оқибатларига урғу бергани таъкидланади. Яъни, Туркия президенти бирор бир бошқарув тизими ҳокимиятни суиистеъмол қилишга қарши курашда кафолатли эмаслигини эслатиб қўймоқчи бўлган. “Тузум нотўғри бошқариладиган бўлса, у президент ёки парламент бошқаруви бўлишидан қатъи назар фожиа билан тугайди. Бунга Гитлер Германияси мисол бўлади” дейилади президент маъмурияти берган баёнотда.

Айни дамда Туркияда Конституциявий ислоҳотлар ўтказиш борасида президент ташаббуси кенг муҳокама қилинмоқда. Эрдўғоннинг лойиҳасига кўра, Туркия парламент бошқарувидан президент республикасига ўтиши керак. Шу тариқа, бутун ҳокимият давлат раҳбари қўлига ўтади. Эрдўғон 2003 йилдан 2014 йилга қадар бош вазир лавозимида ишлади. 2014 йилнинг август ойида эса президент этиб сайланди. Шуни таъкидлаш керакки, Конституцияга кўра, Туркияда президент катта ваколатларга эга эмас.

14 декабрь куни бош вазир Аҳмад Довутўғли баёнот бериб, мухолифат вакиллари билан мамлакат янги конституцияси лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб боришини маълум қилган эди. Ҳукумат раҳбари Аҳмад Довутўғли парламент бошқаруви мамлакат манфаатларига мос келмаслигини айтиб келади. Унинг айтишича, ижроия ҳокимиятда президентнинг ўрни масаласи юзасидан ўтказиладиган муҳокамалар учун барча шароитлар яратилиши керак. Бунинг учун иккита референдум ўтказилиши ҳам мумкин. У 10 ноябрь куни берган баёнотида ярим йил ичида ислоҳатлар ўтиши лозимлигини таъкидлаганди. Аммо мухолифат конституциявий ислоҳотларга қарши чиқиб келади. Уларнинг фикрича, шу тариқа Эрдўғон ҳокимиятни ўз қўлига олишга интилмоқда.

Эрдўғон бир неча бор 1980 йилда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтаришдан кейин 1982 йилда қабул қилинган конституция ўрнига янги асосий қонун қабул қилиниши заруриятини айтиб келади. У бу масала бўйича иккита - биринчиси янги конституцияга бағишланган бўлса, иккинчиси президент бошқарувига бағишланган - референдум ўтказилиши зарурлигини айтади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Туркияда Конституция ва демократия кафолати сифатида Қуролли кучлар кўриб келинарди. Улар ҳукумат четга чиққудек бўлса, ҳарбий тўнтариш уюштириб, маълум муддат ҳокимиятни бошқаргани тарихдан маълум. Аммо сўнгги 10 йилда ҳарбийларнинг мавқеи пасайтирилиб, бошқарувдан четга суриб қўйилди. Қуролли кучлардаги нуфузли амалдорларнинг қамоққа олиниши бунинг яққол исботидир.

Агар Туркиядаги бугунги вазият таҳлил қилинадиган бўлса, қандайдир кучлар бу давлатни заифлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани ойдинлашади. Масалан, ярим асрдан бери Туркия Европа Иттифоқига аъзоликка интилади. Аммо Анқара илтимоси ҳамон пайсалга солиб келинмоқда. Социалистик тузум қулаганидан кейин қарамликдан озод бўлган Шарқий Европа мамлакатларининг кўп ўтмай Европа Иттифоқига аъзо этиб қабул қилингани инобатга олинадиган бўлса, Европа Иттифоқи Туркияни ўз сафларида кўришга шошилмаётганига ишонч ҳосил қиласиз.

Ҳозир Яқин Шарқ ва Шимолий Африка қитъасида катта нуфузга эга сифатида кўриладиган бирор-бир мамлакат қолмади, ҳисоб. Бир вақтлар минтақада катта ўйинчи сифатида кўрилган Ироқ ҳам, Ливия ҳам, Сурия ҳам амалда пароканда бўлди. Миср хақида хам шу каби фикрларни айтса бўлади. Тўғри, “эҳромлар мамлакати” иккита давлат тўнтаришини бошдан кечирди. Хозир қонуний сайланган президент бошқармоқда. Бу - яқин орада ўзини ўнглаб олади, дегани эмас. Россия йўловчи самолёти Синай ярим оролида халокатга учраганидан кейин бу мамлакатга борувчи хорижлик сайёҳлар сони кескин қисқариб кетди. Бу Миср иқтисодиётига жиддий зарба бўлгани аниқ.

Шундан кейин минтақада кучли давлат сифатида фақат Туркия қолди. Аммо Россияга тегишли ҳарбий самолётнинг уриб туширилиши Туркияга берилган зарба сифатида кўрилиши керак. Эндиликда Туркия иқтисодиёти маълум маънода зарар кўриши аниқ. Бундан англашиладики, учинчи томон кучлари Россия қўли билан Туркияга ортдан зарба берди. Россия томонидан Туркияга қарши кўрилаётган чоралар бир кунда қабул қилинадиган қарор эмас. Бу каби қарорга келиш учун шошма-шошарлик билан эмас, балки узоқ вақт тайёргарлик кўриш керак.

НАТО аъзоси бўлишига қарамай Туркиянинг минтақадаги ўйинчи мақоми ўйинчоқ мақомига туширилмаяптимикан?

Шарофидин Тўлаганов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш