Жаҳон | 23:03 / 05.01.2016
6039
2 дақиқада ўқилади

«Туркмангаз» «Газпром» билан газ етказиб бериш бўйича музокара ўтказмоқчи

Туркманистоннинг газ қазиб чиқарувчи ва газ тақсимловчи «Туркмангаз» концерни «Газпром» билан Россияга газ етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Туркманистон нефтгаз мажмуаси газетаси сайти бўлмиш Nebit-Gaz ресурсида маълум қилинган.

Нашрнинг эслатиб ўтишича, ушбу концерн Туркманистон газини Эрон, Қозоғистон, Хитой ва Россияга импорт қилиш ҳажмини оширмоқчи.

Хабарда қайд этилишича, Туркманистон ўз газига талабгор бўлган мамлакатларга газни келишилган нархлар ва миқдорларда етказиб беришни давом эттириш учун тайёр.

Бу маълумот Ашхобод “Газпром” туркман газини сотиб олишни тўхтатганини маълум қилгани ҳақидаги хабарлардан кейин пайдо бўлди.

“Газпром” ва “Туркмангаз” узоқ вақтдан бери туркманистон газининг нархи борасида тортишиб келади. 2015 йилнинг ёзида расмий Ахшобод “Газпром”ни сотиб олинган газ учун пул тўламаганликда айблади. 2015 йилнинг июнида "Газпром", "Туркмангаз" томонидан газнинг нархи қайта кўриб чиқилиши муносабати билан Стокгольм арбитраж судига мурожаат қилди.

2015 йилда "Газпром" сотиб олинаётган Туркманистон газининг ҳажмини 10 миллиард кубометрдан 4 миллардга камайтирди, қолган ҳажмини эса ўз гази билан тўлдирди.

"Газпром" 2001 йилдан бери Ўрта Осиё газ ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2014 йилда "Газпром" томонидан Ўрта Осиёдан 29,52 миллиард кубометр газ сотиб олинган. Улардан 10,98 млрд куби Туркманистондан, 7,38 млрд куби Ўзбекистондан ва 10, 95 млрд куби Қозоғистондан.

"Газпром" томонидан сотиб олинаётган газ “Ўрта Осиё – Марказ” (САЦ) газ қувури орқали транспортировка қилинади.

Россия 2016 йилда Ўзбекистондан харид қиладиган газ ҳажми Туркманистон ўтган йили етказиб берганига нисбатан кўп бўлади