Ўзбекистон | 17:26 / 06.01.2016
2927
2 дақиқада ўқилади

Акциядорлик жамиятларининг хорижий менежерлари даромадлари солиқлардан озод қилинди

2016 йил 1 январдан бошлаб акциядорлик жамиятлари чет эллик ходимларининг бошқарув ходими сифатида ўз фаолиятидан олган даромадлари жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва суғурта бадалларидан озод қилинади. Бу ҳақда Norma.uz манбаси хабар бермоқда.

Чет эллик бошқарувчиларни жалб қиладиган АЖнинг ўзлари эса уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод қилинди.

Мазкур қўшимчалар АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, шунингдек Президентнинг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонини (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) ижро этиш мақсадида киритилди.

Замонавий халқаро стандартларга мувофиқ корпоратив бошқарув тажрибасига эга юқори малакали чет эллик менежерларни жалб қилиш билан АЖнинг ишлаб чиқариш, инвестициявий, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигининг ошиши кўзда тутилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, АЖга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар шаклланишига кўмак беради.Эслатиб ўтамиз, 2015–2018 йиллар мобайнида барча АЖлари йиллик молиявий ҳисоботларини Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига (МҲХС) мувофиқ нашр этишга ўтади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш