Жаҳон | 20:34 / 07.01.2016
4933
2 дақиқада ўқилади

Бельгия ҳарбий самолётлари Болтиқбўйи давлатлари осмонида соқчилик қилишни бошлашди

Бельгия Ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Болтиқбўйи осмонида қўриқчилик қилиш ишларига жўнатиш маросими ўтказилди. Маросим Эстония пойтахти Таллин шаҳри яқинидаги Эмари авиабазасида ўтказилган. Бу ҳақда Эстония Мудофаа вазири Ханнес Хансо маълум қилган.

Бельгия ҲҲК учувчилари ва F-16 русумли 4та самолёт 4 ой давом этадиган қўриқлаш хизматига киришган. Улар 25 август кунидан бери Болтиқбўйи осмонида қўриқлаш ишларини амалга ошириб келган Германия ҲҲКнинг 4та Eurofighter Typhoon русумли қирувчи самолётлари билан ўрин алмашишган.

"НАТО бу мудофаа ташкилоти. Қайсики, бизни ҳар қандай шароитда ҳимоя қилишга тайёр турувчи. НАТО самолётларининг осмонимизни қўриқлаб туриши ҳаракатларини олдиндан билиб бўлмайдиган қўшниларимиз учун энг яхши огоҳлантирувдир", деган эстонияликлар вазири Ханнес Хансо.

Мамлакат Қуролли кучлари генерали Рихо Террас германиялик учувчиларга бу миссиядаги иштироки учун эсдалик медаллари топширган.

НАТО самолётлари Болтиқбўйи мамлакатлари 2004 йилда ташкилотга аъзо бўлгач, уларнинг ҳаво ҳудудини қўриқлашни бошлаган.

2015 йилнинг май ойида НАТО Болтиқбўйи ҳимояси учун қирувчи самолётларни уч марта кўпайтирди. Мамлакатларнинг ҳар бири навбати билан тўрттадан қирувчи самолёт ажратиши белгиланди. Бунгача альянс ротация тамойили асосида (НАТО бўйича иттифоқдош давлатлар ушбу миссия учун навбат билан ўз қирувчи самолётларини тақдим этган) тўрттагина самолёт юборган эди.

Самолётлар Литвадаги Шауляя шаҳридан 5 км масофадаги Зокняй базасида ўрнашади. 2014 йилда Эстонияда қўшимча равишда Эмари авиабазаси ташкил этилганди.

НАТО Марказий ва Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини "Украинадаги тангликнинг кучайишидан кейин" кенгайтиришга қарор қилган. Маълум бўлишича, Болтиқбўйи мамлакатларидаги миссиянинг кучайтирилиши ўн йил ичида биринчи марта содир бўлди.