Жамият | 15:56 / 07.01.2016
17957
2 дақиқада ўқилади

Кафе мижозлари 5та қаҳвага пул тўлаб, 2та қаҳва ичишди

Ушбу воқеани буюк режиссёр Федерико Феллинининг ҳамкори, шоир, ёзувчи ва сценарийнавис Тонино Гуэрра ҳикоя қилиб берган.

Бир дўстим мени кафега таклиф қилди. Вокзал ёнидаги кафега кирдик. Оддий, эшиклари очиқ турадиган кафе, ёз, иссиқ. Биздан олдин икки киши кирди ва шундай деди:
“5та қаҳва, 2тасини ҳозир ичамиз, 3таси ҳавода муаллақ қолсин”. Улар ростанам 5та қаҳвага пул тўлаб, 2та ичишди.

Мен дўстимдан бу “муаллақ” қаҳва нималигини сўрадим. “Қараб тур”, - деди у.
Шундан сўнг қизлар кирди, қаҳва ичиб чиқиб кетишди; сўнг уч адвокат кирди ва 7та қаҳва буюртма қилди:

“3тасини ичамиз, 4таси муаллақ қолади”.

Улардан кейин кирган ёш йигит ҳам 2та қаҳва буюртма қилиб, 1тасини ичди, лекин 2тага тўлади. Шу тариқа, биз дўстим билан у ерда пешингача қолиб кетдик. Эшик очиқ эди, мен қуёш тафтлари остида қолган майдонга қараб ўтирардим, шу пайт эшикка яқинлашаётган сояни кўрдим. Бар эшиги олдига бир камбағал одам яқинлашиб, “Муаллақ қаҳва борми?”, деб сўради.

Ҳаммаси жуда оддий бўлиб чиқди: одамлар қаҳва учун олдиндан пул тўларди, қаҳва сотиб олишга қурби етмаганлар унинг саховати ила бу қайноқ ичимликка эга бўларди.