Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канадада Рим-католик черкови маъмури черковга тегишли 300 минг долларни ўзлаштириб олгани маълум бўлди
Канаданинг Манитоба вилоятидаги Рим-католик черковининг приходи (черковнинг қуйи ташкилоти) маъмури, 39 ёшли Лео Маккоане черков ҳисоб рақамидаги 400 минг Канада долларини (300 минг АҚШ доллари) ўзлаштириб олганликда айбланмоқда. Бу ҳақда CBS телеканали маълум қилди.
Маккоане Виннипегдаги Авлиё Бернадетт приходи черковининг молиявий ишларини 2009-2015 йиллар давомида олиб борган. 2015 йил майида маҳаллий епархия томонидан ўтказилган аудиторлик текшируви натижасида Маккоане черков ҳисоб рақамидан пул ечиб, юқори турувчи молиявий бошқармага сохта ҳужжатлар тақдим қилгани аниқланган. Бу маълум бўлгандан кейин епархия полицияга мурожаат қилган.
“Маккоан 2015 йилда текширув бўлишини билиб, 2014 йил охирида ишдан бўшаб юборган”, деб айтди Авлиё Бонифаций епархияси молиявий маъмури Ришар Фреше. Маккоане полиция томонидан ҳибсга олинди. Унга фирибгарлик, ўғрилик ва ҳужжатларни сохталаштириш айбловлари қўйилди.
Черковда маълум қилинишича, ўғирланган пулларнинг бир қисми черковга қатновчиларнинг хайр-эҳсонлари бўлган.