Технология | 19:51 / 07.01.2016
11469
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи илк махсус онлайн сервис маркази ишга туширилади

Бугунги кунда ҳаётни маиший техникасиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар кундалик ҳаётни қулай, ишимизни осон қилади. Аммо ҳар қандай техника ҳам вақти келиб таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Ижтимоий тармоқда ва одамлар орасида Тошкентда маиший техника буюмларига хизмат кўрсатувчи онлайн сервис ишга туширилиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Таҳририят бундай хабарларга аниқлик киритиш мақсадида бу хабарлар билан биргаликда номи тилга олинаётган "Texno-markaz" фирмаси вакили билан алоқа боғлади ва ўз саволларини берди.

Маълум бўлишича, ҳақиқатда ҳам шундай онлайн сервис марказини ташкил этиш режаси мавжуд ва бу Ўзбекистонда ягоналиги ва биринчилиги билан ажралиб туриши мўлжалланган.

Режага кўра, бу хизмат орқали музлаткичи, телевизори ёки кир машинаси бузилиб қолган кишилар ҳеч қаерга бориб овора бўлмасдан, юқори сифатли техник хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

"Texno-markaz" Ўзбекистондаги олий тоифали биринчи ва ягона онлайн сервис маркази бўлиб, маиший техника таъмирининг ноанъанавий услубини таклиф этади", дейди фирма вакили.

Манбанинг билдиришича, бирдан бузилиб қолган телевизор, кир машинаси, чангютгични ташқарига чиқмай тузатиш имкони фақат шу хизмат орқали таклиф этилиб, бунинг учун сервис маркази онлайн мурожаат этиш кифоя қилади.

Қолаверса, таъмирланаётган ҳар қандай маиший техника ўрнига таъмирланиш вақти давомида мижозга бошқа маиший техника таклиф этилади. Яъни, музлаткич бузилиб қолганида, хизмат ходимлари уни олиб кетишади ва у тузалгунича фойдаланиб туриш учун бошқа музлаткич келтиришади.

Мижозлар хизмат билан онлайн тизими орқали исталган пайтда боғланиши, маиший техника турига кўра, таъмирга қанча вақт кетишини, шунингдек таъмир нархини аниқ билиб олиши мумкин.

Шунингдек, онлайн тизим орқали маиший техника ким томонидан таъмирланишини аниқлаш ҳам мумкин бўлади. Бунда хизмат кўрсатувчи мутахассис ҳақидаги маълумотлар сервисга жойлаштирилган бўлади ва мижоз ўзи қайси ходимнинг хизматидан фойдаланишни мустақил равишда танлаш имконига эга бўлади.

Мутахассис мижоз истаган пайтда белгиланган жойга боради.

Таъмирталаб маиший техниканни мутахассис кўздан кечириб, носозликни аниқлаши ва йул харажатлари учун тўлов олинмайди.