Жаҳон | 18:04 / 07.01.2016
16169
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони эронликларнинг ҳажга боришдан воз кечиши сабабли миллиардларни йўқотиши мумкин

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши эронликларнинг Маккада ҳаж ибодатини адо этишдан воз кечиши натижасида Ар-Риёд катта миқдорда зиён кўриши мумкин, дея ёзмоқда Forbes.

Хабарларга кўра, ҳар йили Саудия Арабистонида 100 минг нафар эронлик ҳаж ибодатини адо этса, яна 500 минг нафари умра зиёратини бажаради. Мамлакатга ташриф буюрадиган зиёратчилар орасида эронликлар улуши 5 фоизни ташкил этади.

2014 йилги маълумотларга кўра, ҳаж ва умра Ар-Риёд ғазнасига 18,6 миллиард доллар фойда келтирган. Бу мамлакатнинг нефть савдосида олаётган даромадининг 10 фоизини ташкил этади.Саудия иқтисодчиларининг ҳисоб-китобига кўра, ҳар бир зиёратчи мамлакатда ўртача 5 минг доллар сарфлайди.

Бу ҳолда эронликлар ҳаждан воз кечган тақдирда, Саудия Арабистони 3 миллиард долларгача зарар кўриши мумкин.

Айни пайтда Эрон фуқароларининг ҳаж амалини бажариши масаласининг ўзи сўроқ остида қолган. Чунки икки мамлакат ўртасида виза тартиби мавжуд. Теҳрондаги элчихона ёпилганидан сўнг эронликларнинг Саудия Арабистонига қандай қилиб виза олиши мумкинлиги номаълум бўлиб қолди.