Жаҳон | 07:04 / 08.01.2016
21175
1 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекистонлик террорчиликда айбланиб 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди

АҚШнинг Айдахо штати суди Ўзбекистон фуқароси Фазлиддин Қурбоновни хорижий террорчилик гуруҳига ҳомийлик қилгани ва портловчи моддалар сақлагани учун 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлигининг хабарида маълум қилинди. Ҳозирда 33 ёшда бўлган ўзбекистонлик қамоқ жазосини ўтагандан кейин, Ўзбекистонга депортация қилинади.

АҚШ бош прокурорининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Карлиннинг айтишича, Қурбонов “Ўзбекистон ислом ҳаракати” жангарилари кўмагида АҚШ ҳудудида теракт амалга оширмоқчи бўлган.

Бошқа прокурорнинг таъкидлашича, узоқ муддатли қамоқ жазоси фуқароларни оммавий қотилликларни амалга оширишга тайёр бўлган Қурбоновнинг хатти-ҳаракатларидан ҳимоялашни кафолатлайди.  

Фазлиддин Қурбонов 2013 йилдаёқ ЎИҲ фаолиятига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинганди.