Жаҳон | 21:38 / 08.01.2016
5204
1 дақиқада ўқилади

Германия ҳарбий авиацияси Сурия ва Ироқда илк парвозларни амалга оширди

Германия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия ва Ироқда илк разведка парвозларни амалга оширди. Германиянинг АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ҳарбий ҳаракатларига қўшилиш қарори 2015 йил декабрда қабул қилинганди. Бу ҳақда Der Spiegel нашри маълум қилди.

Германия мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, юқори сифатли фотоқурилмалар билан жиҳозланган иккита Tornado қирувчи-бомбардимончи самолёти Туркиядаги Инжирлик базасидан разведка парвозини амалга орширди.

Германия парламенти бундесвер қисмларининг Сурияда ИШИДга қарши кураш учун жойлаштирилишига 4 декабрда рухсат берган. Сурияда 1200 нафаргача аскар жойлаштириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, зирҳли палубали “Аугсбург” крейсери Франциянинг “Шарль де Голль” авиаташувчи кемасига ҳарбий операцияларни бажариш давомида кўмак беради.