Жаҳон | 16:47 / 08.01.2016
3981
1 дақиқада ўқилади

Швециянинг Норвегия билан чегарасида почта самолёти ҳалокатга учради

Швециянинг West Atlantic компаниясига тегишли почта самолёти 8 январга ўтар кечаси Осло аэропортидан Норвегиянинг Тромсё шаҳрига учаётганида ҳалокатга учради. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги Норвегия телеграф бюросига асосланиб, хабар берган.

Қулаб тушган самолёт қолдиқлари Швециянинг шимоли-ғарбидаги Норвегия билан чегарага яқин жойда, Аккайауре кўли яқинидан топилди.

Икки учувчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Швеция қутқарувчилари ҳалокат ҳақидаги сигнални маҳаллий вақт бўйича 00:30 да қабул қилди.

Маълум қилинишича, Canadair CRJ 200 русумли самолёт номаълум сабабга кўра қулай бошлаган ва бир дақиқада 6,5 км пастга шўнғиган.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Учиш ҳудудида бу вақтда об-ҳаво шароитлари яхши бўлган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш