Жаҳон | 09:55 / 08.01.2016
16802
2 дақиқада ўқилади

Telegraph: Каддафининг Европа ҳақидаги башорати амалга ошди

Буюк Британиянинг The Telegraph собиқ бош вазир Тони Блэрнинг собиқ Ливия раҳбари полковник Каддафи билан 2011 йил 25 февралида бўлиб ўтган икки телефон суҳбати стенограммасини ўрганиб чиқиб, шу асосда Ливия раҳбари британиялик сиёсатчини келажакда Европада радикал гуруҳлар томонидан уюштириладиган ҳужумлардан огоҳлантирган, деган хулосага келди.

Айтилишича, Ливия фуқаролик уруши алангасида қолган паллада қийин вазиятда қолиб кетган Каддафи Тони Блэр билан қўнғироқлашиб, диний радикал гуруҳлар билан курашаётганини ва бу йўлда унга ёрдам қўлини чўзмаган Ғарб тез орада пушаймон бўлишини башорат қилган.

“Ўзининг бу ғаройиб башоратида Каддафи, сўзма-сўз келтирсак, “жиҳодчилар Ўрта Ер денгизини назорат остига олмоқчи, шундан сўнг улар Европага ҳужум қилади”, деган эди”, - таъкидлайди колумнист Роберт Мэндик.

Каддафи “ал-Қоида”га қарши курашда кўп бора Ғарб давлатларидан ёрдам сўрагани ва кўп ҳолда Тони Блэр бу масалада воситачилик қилгани яхши маълум. Шунингдек, яқинда Британия ҳукумати икки раҳбарнинг мулоқотлари стенограммаларини ошкор қилди.

“Биз уларга (яъни “ал-Қоида”га қарши) курашяпмиз, - деган мулоқот чоғида Каддафи. – Мен ҳақиқатни айтмоқчиман. Бу, умуман олганда, мураккаб вазият эмас. Воқеа жуда оддий: ташкилот ухлаётган Шимолий Африкада усталик билан тузоқ қўймоқда. “Ал-Қоида” деб аталган ташкилот Шимолий Африкада... Ливиядаги уйқу тузоғи Америкадаги 9/11гача бўлган уйқуни эслатади”.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш