Ўзбекистон | 09:30 / 08.01.2016
3621
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети математика танлови ғолибларини тақдирлади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчилари ўртасида ўтказилган математика танлови ғолибларини эълон қилди.

Мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчилари ўртасида ўтказилган математика танлови «Ажойиб математика фестивали» доирасида ташкил этилди.

Танлов шартларига кўра, мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида математика фанидан дарс бераётган ўқитувчилар университет томонидан тақдим қилинган вазифаларни инглиз тилида ечишлари керак эди. Танловга келган ишларни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг кореялик мутахассислари баҳоладилар.

Танлов ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, биринчи ўринни Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси Елизавета Ан қўлга киритди. Унга планшет компьютери топширилди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицей ўқитувчиси Сардорбек Пирнапасов иккинчи ўрин ва смартфон ғолибига айланди.
Қашқадарё вилоятининг Китоб шаҳридаги 3-сонли академик лицей ўқитувчиси Ойбек Шарапов учунчи ўринни эгаллади. Унга ташқи хотира диски топширилди.

Танлов ғолиби Елизавета Ан сўзларига кўра, «Ажойиб математика» фестивали математика ўқитувчилари ва ўқувчилари учун қизиқарли бўлди. «Мен танловда ғолиб бўлганимдан хурсандман. Бу менинг фаолиятим учун жуда муҳим», - деди у.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш