Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Kun.uz сайтидан ди Каприо ижросидаги “Омон қолган” фильмига тақриз
Охирги пайтларда Леонардо Ди Каприонинг катта экранда пайдо бўлиши кино ишқибозлари орасида эски мавзунинг қайтадан кўтарилишига сабаб бўлмоқда: Лео ниҳоят Оскар оладими, йўқми?
“Омон қолган” (The Revenat) вестерни премьерасидан сўнг ёғилган мақтовли фикрлар гўёки азалий саволга жавоб топиб бергандай эди: бу сафар олади!
Ушбу хулоса ниманинг асосига қурилганига қизиқдим. Фильмни кўриб чиқишга 2.5 соат вақтимни аямадим. Хўш, у ҳақда нима дейиш мумкин?

Майкл Панкенинг шу номли китобига асосланган фильм афсонавий траппер ва маунтинмен (Ёввойи Ғарбда: тоғ овчиси ва мўйнафуруши), оғир ярадор аҳволда сувсиз ва овқатсиз 320 км қорли йўлни босиб ўтган Хью Гласснинг таржимаи ҳолига таянади. Арикара ҳиндуларининг ҳужумига учраган овчилар гуруҳи юкнинг бир қисмини ташлаб қочишга мажбур бўлади, Гранд-Ривер йўл айрилишида тўхтаганларида эса ўрмон ичига кириб кетган Гласс она айиқ ҳамласига дучор бўлади. Бўйни кесилиб кетган, бадани илма-тешик қилиб юборилган овчи пировардида ўз шерикларига ҳам ортиқчалик қила бошлайди. Аммо ёлғиз ташлаб кетилган Глассда тўсатдан яшаш илинжи алангаланади...

Фильмнинг шаксиз ютуқларини эътироф этмай иложимиз йўқ: постановка, монтаж, оператор иши, тарихий муҳитнинг гавдалантирилиши, махсус эффектлар юксак савияда. Чиройли табиат манзаралари қонли саҳналар билан омухталашиб, табиийлик ҳосил қилади.
Мексикалик режиссёр Алехандро Иньярриту бир йил муқаддам учта Оскарга сазовор бўлган “Бёрдмэн” қора комедиясида синаб кўрган усулини давом эттирган: камера тасвири деярли узилмайди, видеоқатор қисқа-қисқа кадрларга бўлиниб кетмайди, аксинча, жараёнга динамика ва жон бағишланади. Бундай ёндашув постановкачи, актёрлар ва махсус эффект усталари олдига ниҳоятда мураккаб масалани қўяди: синхрон ва тезкор ишлаш. Улар бунинг уддасидан чиққани кўриниб турибди.

Шу билан бирга, алқовларнинг ортиқ даражада ошириб юборилганини эътироф этишимиз керак. Фильм амалда яхши китобнинг экранлаштирилишидан бошқа нарса эмас, яхши китоб экранга кўчганида эса асосий урғу сюжетга берилиб, ғоя иккинчи планда қолиб кетади. Нега “Ярим тун болалари” ва “Қора орхидея”нинг кино версиялари китобидан паст савияда? Чунки сўзлар етказа оладиган маънони видеотасвир ҳар доим ҳам очиб бера олмайди. Шунинг учун “Омон қолган”нинг китобини ўқиб чиқиш маъқулроқ, деб ўйлайман.
Боз устига, бошида анча кучли бўй бериб турган фильм фалсафаси охирида жўнлашиб, қуруқ қасос аламига тақаб қўйилади. Шундан сўнг картинани кўришни давом эттирмаса ҳам бўлади: ўз-ўзидан, бош қаҳрамон тирик қолади ва, ўз-ўзидан, асосий душманидан ўч олади. Ноанъанавий фильмлар устаси бўлган Иньярритудан кўпроқ фантазия кутган эдим.

Ди Каприо ўз ролини ажойиб ижро этгани бот-бот такрорланди. Менда эса Том Харди кучлироқ таассурот қолдирди. Барча фильмларда бир хил юз ифодаси билан юришига кўникиб қолганимиз бу актёр биринчи марта йирик образни жонлантира олди.
“Омон қолган”да бир қанча асарларнинг таъсири яққол сезилади: кадрлаш, юқорида айтилганидек, “Бёрдмэн”га монанд, лекин бу фильм Иньярритунинг ўзига тегишли эканлигини инобатга олиб, кўчирмачилик деб баҳоламаймиз; реалистик олишув кадрларида Мел Гибсон ижодининг изларини кўриш мумкин (“Апокалипсис”); Андреас Прохазканинг “Қоронғу водий”си қаҳрамонлари мана шунга яқин шароитда, қорга бурканган тоғлар ёнбағрида ковбойча кийимда ҳаракат қилишади, фарқи шундаки, немис вестерни 6.5 млн еврога суратга олинган эди, “Омон қолган”нинг бюджети эса 135 млн долларни ташкил қилди.

“Фильм, узунлигига қарамай, мутлақо зериктирмайди”, деган фикрга қўшила олмайман. Жанр ишқибозларини зериктирмаслиги тайин, лекин бошқа тоифадаги мухлислар 30-дақиқадан сўнг эснай бошлайди, бу ҳолат фильмнинг ярмига қадар давом этади, сўнг воқеалар яна жадаллашади.
Юқорида айтилган танқидий фикрлардан фильмни кўриш керак эмас экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Шубҳасиз, “Омон қолган” 2015 йилнинг энг яхши фильмларидан бири бўлди, лекин “Айғоқчи кўприги”, “Марслик” ва “Телба Макс-4: Ғазаб йўли” ундан яхшироқдир. Шубҳасиз, Ди Каприонинг ижроси ниҳоятда кучли, лекин унинг “Озод қилинган Жанго”даги ижроси янада кучлироқ эди. Ва, ниҳоят, Иньярритунинг энг буюк фильми ҳанузгача “Бобил” (2006) бўлиб қолмоқда: “Омон қолган” ундан ўзиб кета олмади.
Муаллиф: Элдор Асанов