Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Корея президенти мамлакатда ядро қуроли яратилишига қарши чиқди
Жанубий Корея ўз ядро қуролини яратмайди ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаради, дея маълум қилди мамлакат президенти Пак Кин Хе Сеулдаги матбуот анжумани чоғида.
6 январь куни Шимолий Корея АҚШнинг таҳдидларидан ҳимояланиш учун ўз водород бомбасини яратганини маълум қилган эди. Шу муносабат билан айрим жанубий кореялик сиёсатчилар Жанубий Корея ҳам ўзининг ядро қуролини ишлаб чиқиши керак, деган даъво билан чиқишди.
Бундай таклифларга қандай муносабат билдириши тўғрисидаги саволга Пак Кин Хе: “уларни тушунаман”, дея жавоб берди ва Жанубий Кореянинг халқаро ҳамжамият олдида мажбуриятлари мавжудлигини, уларни бажариш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
“Ядросиз дунё Корея ярим оролидан бошланиши керак. Ярим оролда ядро қуроли бўлмаслиги лозим”, - деди Пак Кин Хе. Шу билан бирга, у АҚШ Жанубий Кореяни “ядровий соябон” билан ҳимоя қилишини ҳам айтиб ўтди.
Бир неча кун муқаддам эса америкаликлар 10 январь куни Жанубий Кореяга Тинч океанининг Гуам оролидаги базасида турган атом бомбасини ташийдиган В-52 бомбардимончисини жойлаштирди.