Ўзбекистон | 17:43 / 13.01.2016
5832
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоқ давлат университетининг бош биноси мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бош биноси мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, таъмирлаш ишларига 13 миллиард 150 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ўқув биноси замонавий ўқув-услубий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди.

– Манзилли дастурга кўра, жорий йилда ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилади, – дейди университет ректори Мурод Жуманов. – 2 ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази, 2 талабалар ётоқхонаси реконструкция қилиниб, 24х42 ҳажмдаги спорт мажмуаси янгидан бунёд этилади.

Бугунги кунда университетнинг 10 факультетида 7 минг 800 дан зиёд талаба-ёшлар замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Талабалар орасида 5 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, 6 нафар Мирзо Улуғбек номидаги, 11 нафар Алишер Навоий номидаги ва 40 дан зиёд Бердақ номидаги давлат стипендияси соҳиблари бор.

Шунингдек, спортнинг турли йўналишлари бўйича 1 нафар жаҳон ва 4 нафар Осиё чемпиони, 27 нафар Ўзбекистон чемпиони ўқув даргоҳининг фахри ҳисобланади.

Тадбир доирасида университетнинг техника факультети талабалари томонидан яратилган қурилиш лойиҳалари, иншоотлар макети ва тасвирий санъат ишларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Суратлар муаллифи: Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ