Жамият | 18:57 / 14.01.2016
6473
2 дақиқада ўқилади

Британиялик актёр Алан Рикман вафот этди

Британиялик актёр Алан Рикман вафот этди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар тарқатди.

У 69 ёшида Лондон шаҳрида оламдан ўтган. Бу маълумот унинг қариндошлари томонидан тасдиқланган. Рикман кейинги бир неча йил давомида саратон хасталигидан азият чекаётган эди.

Алан Рикман ўз роллари орқали бир неча авлоднинг севимли актёрларидан бирига айланганди. Уни ҳозирги авлод вакиллари Гарри Поттер ҳақидаги киносага орқали танийди. Рикман мазкур фильмларда профессор Северус Снегг ролини ижро этган.

Алан Рикманга илк машҳурлик келтирган роли 1988 йилда суратга олинган "Қаттиқ ёнғоқ" фильмидаги ижро (террорчи Ханс Грубер) эди. У шунингдек, «Робин Гуд: қароқчилар шаҳзодаси» фильмида Ноттингем шерифи роли билан машҳурликка эришган. Унинг фильмографиясида «Ақл ва ҳиссиёт», «Распутин», «Чин дилдан, ақлсизлик билан, кучли», «Парфюмер. Бир қотиллик тарихи», «Қорли пирог» ва «Алиса саргузаштлар мамлакатида» каби фильмлар бор.

Уни Буюк Британия қироллиги аҳолиси маҳоратли театр актёри сифатида билишар эди. У Шекспир номидаги қироллик академияси аъзоси эди. Guardian нашри уни "Британ киноси ва театрининг гиганти" деб атаган. У «Олтин глобус», «Эмми», BAFTA каби мукофотлар лауреати бўлган, лекин бирон марта «Оскар» олмаган.

Унинг режиссёрлигидаги «Қишдаги меҳмон» фильми Венеция кинофестивалида 2та мукофот билан тақдирланганди.