Ўзбекистон | 18:05 / 14.01.2016
10773
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Элчиси илк бор Ўзбекистон вилоятларига сафар уюштирди

2015 йилнинг 21- 23 декабрь кунлари давомида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Кристофер Аллан Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига расмий ташриф буюрди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Kun.uz`га хабар қилди.

21 декабрда элчи Аллан Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Умид Назаров ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Хайриддин Хўжаёров билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида шаҳарнинг ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, Ўзбек-Британия қўшма корхоналарнинг фаолияти ва сармоя киритиш имкониятлари муҳокама қилинди. Жаноб Хўжаёров Самарқанд вилоятида 2015 йилнинг ўзида Британия сармоялари иштирокида 9 нафар корхона очилганини таъкидлаб ўтди.

Шу куннинг ўзида элчи жаноблари Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Зайниддин Ҳалилов элчига Амир Темурнинг Оқсаройи каби асосий тарихий обидаларни кўрсатиб, уни шаҳарда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда буюк саркарданинг 680 йиллигига бағишланган кенг кўламли тадбирларга тайёргарлик жараёни билан таништириб ўтди.

22 декабрь куни элчи Аллан Сурхондарё вилоятига, жумладан Бойсун шаҳрига ташриф буюрди. Бойсун гўзал манзарали минтақада жойлашган бўлиб, бой ва ноёб маданияти, халқ ижоди, ҳунармандчилик ва этнографик мероси билан ажралиб туради. Элчи Аллан UNESCO кўмагида очилган Ҳунармандчилик марказига ташриф буюриб, қадимий ҳунармандчилик усуллари ва халқ ижоди билан таништирилди.

23 декабрда Элчи Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Абдужалил Абдуқодиров ҳамда Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари Пўлат Тошпўлатов билан учрашди. Улар Термиз шаҳри ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда инвестиция имкониятлари ҳақида маълумот беришди. Элчи жаноблари Ўзбекистон билан Британиянинг ўзаро савдо-сотиқнинг ҳажмини ошириш устувор масалалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Буюк Британия элчихонаси Ўзбек-Британия савдо ва саноат бўйича кенгаши каби ҳамкор ташкилотлар билан иш олиб бориб, икки мамлакатда бизнес юритиш имкониятлари ҳақида Ўзбекистон ва Британия бизнес доираларини бохабар қилади.

Шунингдек, элчи Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят бошқармасининг бошлиғи Тўра Боболов билан вилоят иқтисодиётининг муҳим соҳаларига, жумладан қишлоқ хўжалиги, ирригация ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, инновацион технологиялар жалб қилишнинг муҳимлигини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, элчи Аллан Термиз давлат университетига ва Термиз шаҳридаги бир неча тарихий обидаларга ташриф буюрди.
Тошкентга қайтиб, Элчи Аллан шундай деди:
“Ушбу ташриф ниҳоятда фойдали ва қизиқарли ўтди. Мен тарихи бой ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодиётига катта ҳисса қўшадиган вилоятларга ташриф буюрдим. Ишонишимча, мамлакатингизни ва Ўзбекистон халқини тушуниш учун турли вилоятларига бориш жуда муҳимдир. Бундан ташқари, менинг ташрифим Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг ўзаро муносатаблари қанчалик мустаҳкамлиги ҳақидаги хабардорликни оширди, деган умиддаман. Менинг ташрифимни уюштиришда кўмак кўрсатган барча масъул ҳодимлардан миннатдорман”.