Жаҳон | 16:36 / 14.01.2016
3648
2 дақиқада ўқилади

Индонезия полицияси: Жангарилар Жакартада Париж воқеаларини такрорлашга уринишди

Жакарта полициясининг ҳисоблашича, бугун Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида уюштирилган давомли портлашлар ва отишмалар ўтган йилнинг ноябрида Парижда содир этилган терактларни такрорлашга уриниш бўлди.

Индонезиялик генерал Антон Шарлияннинг сўзларига кўра, бугун Жакарта марказига мотоциклларга минган ҳолда кириб келган жангариларнинг ҳаракати 2015 йилнинг 13 ноябрь куни Париж шаҳрида терактлар уюштирган жангариларнинг ҳаракатларини эслатиб юборган.

"15 нафарга яқин жангари мотоциклда шаҳар марказига етиб келиб, қўлларидаги милтиқлардан оммага қарата ўқ узган. Улардан баъзилари портловчи моддаларни ташиган", деди у.

Унинг маълум қилишича, ИШИД Жакарта полициясига ноябрь ойи охирида "Жакартада ҳам концерт уюштириши" билан таҳдид қилганди.

Бугунги 7 та портлашдан бири Sarinah номли савдо маркази олдида, яна бири БМТ биноси ва Starbucks кафеси оралиғида содир бўлгани хабар қилинганди. Портлашлар рўй берган туманда ҳашаматли меҳмонхоналар, офис бинолари ҳамда бир қанча давлатларнинг элчихоналари жойлашган.

Терактлар қурбонлари сони 17 нафарга етган.

Жакарта полицияси теракт ижрочилари сифатида 4 кишини қўлга олган.

Мамлакат президенти Жоко Видодо портлашларни теракт деб атади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 13 ноябрь кунида Франция пойтахти Париж шаҳрида ИШИД вакиллари бўлган жангарилар 3 гуруҳга бўлинган ҳолда шаҳарнинг турли қисмларида хунрезликлар амалга оширишганди. 3 нафар ҳудкуш "Стад де Франс" стадиони олдида ўзини портлатган. 4 кишидан иборат яна бир гуруҳ эса Париж шимоли-шарқидаги кафе ва ресторанларга бостириб кириб, одамларни ўққа тутган. Яна 3 жангари эса "Батаклан" театрига бостириб кириб, оммавий қотиллик содир этганди. Бу терактлар натижасида 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш