Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда 30 га яқин янги автобуслар аҳолига хизмат кўрсата бошлади
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида шаҳар ҳамда қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароити ва турмуш фаравонлигини юксалтиришга қаратилган улкан бунёдкорлик ишлари самарасида вилоятимиз кўз ўнгимизда кун сайин яшнаб, яшариб, янгича қиёфа, ўзгача тароват касб этиб бораяпти. Замонавий кўринишдаги турар-жойлар, янги тибда қад ростлаётган касб-ҳунар коллежлари, серқатнов йўлларда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бир-биридан чиройли автомашиналарнинг кундан кунга кўпайиб бораётгани аҳолимизнинг турмуш маданияти ва бирдамлиги тобора юксалаётганлигидан далолат беради.
Хусусан, “ОЙБЕКСУПЕРТРАНС” масъулияти чекланган жамияти аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Самарқандда ишлаб чиқарилаётган “SAZNP-37” русумдаги 27 та автобус олиб келинди. Ҳозирда 8-йўналишда умумий 35,4 километрлик масофада 41 нафар ишчи график асосида эрталабки соат 6:00 дан тунги 22:00 гача 6000 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатишни йўлга қўйишган.
—Ишга киришишимиздан олдин автобуслар техник ҳолати текширилиб, ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Шундан сўнг, йўлланма асосида иш бошлаймиз, — дейди жамият ҳайдовчиси Раҳматулла Ғофуров. — Янги кўринишда ишлаб чиқарилаётган автобуслар ҳар жиҳатдан қулайлиги ва шинамлиги билан ажралиб туради. Бу иш самарадорлигини ошишига қулайлик яратиб бераяпти.
Яқинда автокорхона яна бир янгиликка қўл ўрди. «SamAvto» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган «SAZLE-60» русумли 1 та автобус олиб келишга муваффақ бўлишди. Мазкур автобус шаҳар йўналишларида одамларни ташиш учун мўлжалланган бўлиб, бизнинг широитимизга ҳар жиҳатдан тўғри келиши билан ажралиб туради. Қайд этиш жоизки, «SAZLE-60» 56 та йўловчига мослаштирилган паст полли автобусдир. Унинг узунлиги 8 метр, оғирлиги 10,2 тоннага тенг бўлиб, “EVRO-4” экологик талабларига жавоб берувчи 4,5 литр ҳажмга эга двигатель ўрнатилган.
—Ушбу автобусда ногиронлар аравачасини чиқариб тушириш қулай ва шу билан бирга эшитиш қобилияти чекланган ҳамда гапира олмайдиган инсонлар учун мўлжалланган ҳайдовчини огоҳлантирувчи тугма ўрнатилган, — дейди «SAZLE-60» русумдаги автобус ҳайдовчиси Лазиз Урдушев. — Аҳолига бундай шароитлар яратилаётганлиги барчани қувонтиради, албатта. Чунки тез суръатларда ривожланаётган давлатлар қаторига бизнинг мамлакатимиз ҳам тенглаша олди. Бундай ўзгаришлар бизнинг тинчлигимизнинг нишонасидир.
Иш бор жойда камчиликлар ҳам топилади. Шундай бўлсада жамият аъзолари қўлни-қўлга бериб меҳнат қилишаётир. Ана шундай камчиликларни “Зилол” маҳалласи ҳудудидаги йўлларда кўришимиз мумкин. Бундай носоз йўллар туфайли йўловчиларни сўнгги манзилига қадар олиб боришга қийналаётган жамият аъзоларига ноқулайликлар келтириб чиқараяпти. Бу борада бир неча бор мурожаат этишларга қарамай ҳали-хануз ўз ҳолича ётибди. Бундай носоз йўлларнинг кўплиги автобусларнинг, қолаверса, енгил автомашиналарнинг шикастланишига олиб келади. Бу эса давлат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмайди деб, ким кафолат бера олади? Бу борада масъул ходимлар яхшилаб ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ иш бўлар эди.
—Ҳамшаҳарларимизни узоғини яқин қилиш бизнинг масъулиятли вазифаларимиздан бири. Шундай экан яқинда ОАТБ “Агробанк” Жиззах филиали томонидан кредит эвазига яна 4 та янги автобусни фойдаланишга топшириш режага киритилган, — дейди «ОЙБЕКСУПЕРТРАНС» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Восит Исоқов. — Ҳали олдинда режаларимиз кўп. “Бош омон бўлса дўппи топилади” деганларидек, омон бўлсак барча режадаги ишларни йўлга қўйишга бор эътиборимизни қаратамиз.
Суратда: «ОЙБЕКСУПЕРТРАНС» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Восит Исоқов ва «SAZLE-60» русумдаги автобус ҳайдовчиси Лазиз Урдушев иш пайтида.
Акмал БИНОКУЛОВ