Жамият | 17:11 / 14.01.2016
12798
4 дақиқада ўқилади

Моҳир фермер шоти экиб, арава ундиради

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фермерлик ҳаракати тараққиётида янги босқични бошлаб берди. ЎзА Навоий вилоятида фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.

Хабарда келтирилишича, вилоятда шу мақсадда 684 лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, Кармана туманидаги 200 дан зиёд фермер хўжалигида ҳам қўшимча тармоқларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили туманда бу борада 118 лойиҳа ўзлаштирилди. 16 ишбилармон фермер сут ва гўшт етиштиришни, 14 тасида паррандачилик йўлга қўйилди.

Балиқчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони 8 тага етди. 4 фермер хўжалигининг 9,5 гектарлик майдонида интенсив боғ ташкил этилди. Мевали боғлар майдони 533 гектарга етди. Бундан ташқари, асаларичиликни йўлга қўяётган ёки иссиқхона ташкил этиб, аҳоли дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган фермерлар сони ҳам ортмоқда.

“Севолтепа равнақи” фермер хўжалиги туманда илғор хўжаликлар қаторида тилга олинади. Бу бежиз эмас. Абдураззоқ Ризаев раҳбарлик қилаётган хўжаликнинг умумий экин майдони 97 гектар. Хўжаликка асос солинган 2000 йилдан буён белгиланган режани ортиғи билан адо этиб келади.

Фермер ўз мақсадларини босқичма-босқич амалга ошира бошлади. Дастлаб, қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш устахонаси ташкил этди. Техникалар учун агрегатлар тайёрлаш мақсадида йўнув ва темирчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди.

Тадбиркор фермер жорий мавсумда яна бир янгиликни амалиётда қўллади. Кузги шудгорлаш даврида ҳар бир гектар ерга 30 килограмм калий, 100 килограмм аммофос ва маълум миқдорда азот ўғити сепди. Бу тажриба ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Шу усулни қўллаш натижасида миришкор ўтган йили ғалланинг гектаридан 75-80 центнергача ҳосил олишга эришди.

– Фермер шоти экиб, арава ундирадиган бўлиши керак. Замоннинг талаби шундай, – дейди миришкор. – Ўтган йили ернинг текислигини аниқловчи “Topcon” русумли мониторли махсус лазер дасгоҳини харид қилдик.

Бу ускуна майдон марказига ўрнатилиб, ернинг дўнг-паст қисмларини кўрсатади, ерни сув сатҳидек текислаб чиқади. Мазкур усул ёрдамида сув сарфи камайиб, қадалган уруғ бир маромда суғорилади. Бу ҳосилга ҳосил қўшишнинг муҳим омилидир.

– Фермер хўжаликларини замонавий агрегат ва техникалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси Навоий вилояти филиали етакчи мутахассиси Умар Қурбонов. – Хусусан, ўтган йили ҳудуддаги фермерларга 9 миллиард 522 миллион сўмлик 153 дона қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди.

123 фермер хўжалиги томонидан харид қилинган техникалар иш унуми ва ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлмоқда.Лизинг шартларининг тобора содда ва узоқ муддатли кўринишга келтирилиши фермерларга қатор қулайликлар яратмоқда.

Жумладан, айни пайтда лизинг тўловлари аввалгисидан фарқли ўлароқ йиллик 5-6 фоиздан, 4,5 фоизга туширилди. Фоиз тўловлари шарти ўзгартирилди. Лизинг муддати 7 йилдан 10 йилга узайтирилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш