Жамият | 09:36 / 15.01.2016
7385
1 дақиқада ўқилади

Селин Дионнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтди

Канадалик таниқли қўшиқчи Селин Дионнинг турмуш ўртоғи ва менежери ҳисобланган Рене Анжелил 73 ёшида саратон хасталиги туфайли вафот этди. Бу ҳақда қўшиқчининг ўзи фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

Унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қолдирилганган хабарда Анжелил "жуфтликнинг Лос-Анжелесдаги уйларида саратон билан узоқ вақт давомида мардонавор курашидан кейин вафот этгани" айтилган.

Қўшиқчи бироз олдинроқ турмуш ўртоғининг аҳволи ёмонлашгач, унинг ёнида бўлиш учун концерт дастурини бекор қилганди.

Селин Дион ҳали 12 ёшдалигида бўлажак турмуш ўртоғи билан танишган, ўшанда унинг онаси 38 ёшли Анжелилга қизининг илк қўшиғи ёзувини жўнатганди. Уларнинг муносабатлари 1987 йилда бошланган ва 1994 йилда никоҳ қурилганди.