Ўзбекистон | 21:29 / 15.01.2016
12323
7 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларни ҳимоя қилишга оид қонун қандай имтиёзлар берди?

Хабарингиз бор 2015 йилнинг 30 август куни "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган эди.

Айтиш керакки, ушбу қонун билан амалдаги 40 дан ортиқ қонунларга, жумладан, Жиноят кодексининг 30 та моддасига айнан тадбиркорлик фаолияти ҳимоясига бағишланган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексига "Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бош¬қа жиноятлар" номли янги боб киритилди.

Мазкур бобда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этганлик, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларга ва бош¬қа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктирганлик ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Айни вақтда қонунда тадбиркорлик фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун жавобгарлик енгиллаштирилди, яъни қонунбузилиши оқибатида келиб чиқадиган зарар копланган тақдирда шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгилаб қўйилди.

Ушбу йўналишда Жиноят кодексининг 184-моддаси (Солиқлар ёки бош-қа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 5-қисм билан тўлдирилиб, унга мувофиқ, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод этилиши алоҳида мустаҳкамланди.

Шунингдек, ушбу қонун билан тадбиркорлик соҳасида содир этиладиган айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлмаган ҳолларда, маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Масалан, амалдаги Жиноят кодексининг 189-моддасига ўзгартиш киритилиб, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча ёки кўп миқдорда бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилди, жиноий жавобгарлик эса, эндиликда ушбу қилмиш жуда кўп миқдорда (энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор) содир этилганда келиб чиқади.

Савдо ёки воситачилик фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланишни анча ёки кўп миқдорда содир этганлик учун белгиланган жавобгарлик Жиноят кодексининг 188-моддасидан (Савдо ёки воситачилик фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиш) чиқарилди ва бу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилди (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти).

Шу билан бирга, агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олган даромадни давлатга ихтиёрий равишда тўлаган, шунингдек, тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилиниши белгилаб қўйилди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, мансабдорлик жиноятларида тадбиркорлик субъекти ва давлат ташкилоти мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги алоҳида ўрнатилиб, тадбиркорлик соҳасида бундай қилмишлар учун жавобгарлик енгиллаштирилди. Хусусан, Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), 211-моддаси (пора бериш), 213-моддаси (хизматчини пора эвазига оғдириш) ва 214-моддасига (хизматчининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш) фақат давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бош¬қариш органи мансабдор шахси жавобгарликка тортилишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Айни пайтда тижоратда пора эвазига оғдириб олиш, нодавлат ташкилоти хизматчисини пора эвазига оғдириш, нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилганлик учун давлат ташкилотидаги мансабдорлик жиноятларига нисбатан енгилроқ жазо чоралари белгиланди.

Шунингдек, ушбу қонунга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қи¬лиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашувининг олдини олиш мақсадида божхона, солиқ органлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкларини мусодара қилиш ваколати олиб ташланиб, бу фақат судлар орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Бундан кўринадики, тадбиркорларни ҳимоя қилишда суд органлари зиммасига ҳам алоҳида вазифалар юклатилган. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти ҳамда туман ва шаҳар судлари томонидан 2014 йил ва 2015 йилнинг биринчи ярмида ноқонуний текшириш ва суриштирув ҳаракатларини ўтказиш ҳолатлари бўйича 23 нафар шахсга нисбатан 21 та маъмурий иш кўриб чиқилган ва 18 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларнинг судларга тўғридан-тўғри мурожаат этиши ва суд ҳимоясидан фойдаланишлари учун барча қонуний шароитлар яратилган. Эндиликда тадбиркорлар ўзларининг ҳу¬қуқларини яхши билишлари ҳамда амалда улардан самарали фойдаланишлари лозим. Чунки қонунларнинг моҳиятини чуқур англаган тадбиркор ўзининг ҳуқуқини қаерда ва қандай ҳи¬моя қилишни яхши билади.
Шунинг учун тадбиркорларга қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, бу йўналишда мавжуд барча имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш талаб қилинади.

Мухтасар айтганда, ушбу қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ҳар бир ўзгартиш ва кўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тадбиркорлик субъект¬ларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини янада оширишга, уларга берилган имтиёз ва преференцияларни амалиётга татбиқ этиш механизмини такомиллаштиришга, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қи¬лувчи ва назорат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот котиби

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш