Фан-техника | 19:43 / 16.01.2016
15362
2 дақиқада ўқилади

18:00дан сўнг ишлашга қўймайдиган офис

Нидерландия пойтахтида жойлашган Heldergroen дизайн студиясининг офиси антиқа хусусиятга эга. Хона, барча идоралар сингари, столлар, ўриндиқлар, компьютерлар ва бошқа зарурий ашёлар билан жиҳозланган. У ерда куни билан иш қизийди. Лекин роппа-роса соат 18:00 да столлар устидаги компьютерлар ва ҳужжатлар билан биргаликда шифтга қараб кўтарилади. Офис бир лаҳзада йога залига, рақс майдонига ёки бошқа кўнгилочар муассасага айланиб қолади.

Бу “мўъжиза”нинг сири шундаки, дизайн студиясининг офиси эски шоколад фабрикасининг биносида жойлашган. Шоколад ишлаб чиқаришдан қолган ускуналар ёрдамида дизайнерлар мана шу кичкина “мўъжиза”ни яратишган. Столлар ва ўриндиқлар махсус пўлат симларга уланган бўлиб, белгиланган вақтда дастгоҳ ёрдамида тепага кўтарилади.

Дизайнерлар бу тажрибани фақатгина ўз ходимларининг бўш вақтлари кўпроқ бўлиши учун ўтказмаяпти. Уларнинг фикрича, бу бизнес юритувчиларга офис ижараси масалаларини ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин: бинода эрталаб битта ташкилот ишлаши, кечаси унинг барча ашёлари ва ҳужжатлари шифтга “беркитилиб”, шу тариқа бошқа ташкилотнинг фаолиятига жой бўшатиб берилиши мумкин. Эрталаб хона ҳужжатлар билан ишлаш ёки мижозларни қабул қилишга мўлжалланса, кечки пайт уни спорт залига ёки дискотекага айлантириш мумкин бўлади.