Жаҳон | 19:30 / 16.01.2016
3127
1 дақиқада ўқилади

Буркино-Фасо ва Мали чегарасида Австриянинг 2 фуқароси ўғирлаб кетилди

Австрия фуқаролари бўлган эр-хотин шанба куни кечаси Буркино-Фасонинг шимолида, Мали билан чегара яқинида ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги мамлакат хавфсизлик вазирлигига асосланиб хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, бу жуфтлик мамлакат шимолидаги Барабул тумани ҳудудида йўқолиб қолган. Айни вақтда уларнинг ўғирланиши ва пойтахт Уагадугуда амалга оширилган теракт орасида боғлиқ-боғлиқмаслиги аниқ эмас.

Австрия ТИВ ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январга ўтар кечаси "Ал-Қоида"нинг Ғарбий Африкадаги бўлими ҳисобланмиш "Ал-Мурабитун" гуруҳи Буркино-Фасо шаҳридаги Splendid меҳмонхонасига ҳужум уюштириб, одамларни ўлдирди ва гаровга олди. Ҳужум натижасида 27 киши ҳалок бўлган. Мамлакат махсус кучлари Франция ҳарбийлари ҳамкорлигида ўтказган амалиёт натижасида 150 киши гаровдан озод қилинган ва 7 нафар жангаридан иборат гуруҳ йўқ қилинган.