Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда хавфсизлик мақсадида яҳудийлардан анъанавий бош кийимни кийиб юрмасликлари сўралаяпти
Франциянинг Марсель шаҳридаги Яҳудийлар консисторияси бошлиғи Цви Аммар антисемитлар (яҳудий миллатига мансуб одамларга ғараз билан қарайдиган кишилар) ҳужуми таҳдиди туфайли яҳудий миллатига мансуб кишиларни кипа – анъанавий яҳудий бош кийимини кийиб юрмасликка чақирди. Таъкидланишича, Аммар буни кипа кийиб олган бир ўқитувчига ҳужум қилингандан кейин айтган.
Аммарнинг бу чақириғи ижтимоий тармоқларда қизғин мунозара келтириб чиқарди. Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда #TousAvecUneKippa (ҳар бир киши учун кипа) хештеги остида кампания ташкил этилди.
“Бу тадбир ғоясининг моҳияти шундаки, агар ҳар бир киши яҳудий бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар кипа кийиб юрса, ким аслида яҳудий эканлигини англаб бўлмайди”, деб айтди тадбирнинг ташкилотчиларидан бири.
Франциянинг бош раввини Хаим Корсиа кипа кийиб юрмасликка қарши эканлигини айтди. “Биз кипа кийиб юришни давом эттиришимиз керак. Ўзимизни заиф қилиб кўрсатмаслик керак”, деб айтди Корсиа.
Аввалроқ Марселда 15 ёшли ўсмир кипа кийиб олган мактаб ўқитувчисини жароҳатлагани маълум қилинганди. Марсель прокурори Брис Робиннинг айтишича, турк миллатига мансуб бу ўсмир ушбу ҳужумни “ИШИД учун қилганини” айтган ва шунингдек, полицияга ҳам ҳужум уюштиришни режалаштирганини тан олган.