Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Осиё инфразутилмавий инвестициялар банки фақатгина АҚШ долларида кредит беради
Осиё инфразутилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) турли валюталардаги капиталларни қабул қилиб олиши мумкин, бироқ фақатгина АҚШ долларида кредит беради, дея маълум қилди банк президенти Цзинь Лицюнь якшанба, 17 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.
“Кўп томонли тараққиёт институти эканимиз ва халқаро молия тизимлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда биз ишчи тили ўрнида инглиз тилидан, институт валютаси сифатида эса Америка долларидан фойдаланамиз. Шу билан бирга, халқаро бозордан капитални жалб қилиш мақсадида Америка доллари, евро, юань ва бошқа валюталарни ҳам олишга йўл қўямиз”, - дея маълум қилди Цзинь Лицюнь.
“Биз фақат Америка долларида кредит берамиз”, - қайд этди банк президенти бошқа валюталарда кредитлаш имкониятлари тўғрисидаги саволга жавоб берар экан.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 29 июнь куни Хитой пойтахтида 57 та мамлакат вакиллари иштирокида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланган эди. Банкнинг низом капитали 100 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, Хитой, Ҳиндистон ва Россия ушбу молиявий муассасанинг асосий муассислари ҳисобланади.
Банкка аъзо бўлганлар орасида Буюк Британия, Индонезия, Исроил, Саудия Арабистони, Туркия, Вьетнам каби мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор.