Жамият | 18:11 / 18.01.2016
2732
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг энг кекса аёли 113 ёшида янги ясама жағ сўради

Бирлашган Қиролликнинг энг кекса аёли ҳисобланган Глэдис Хупер ўзининг 113 ёшини нишонлади, дея хабар бермоқда ВВС.

Унинг айтишича, туғилган кунини оиласи ва дўстлари даврисида бир финжон чой ва ширинлик бўлаги билан нишонлашдан бахтиёр. Аёлнинг 85 ёшли ўғли Дерек Хермистон эса онасига янги сунъий жағдан яхшироқ совға бўлмаса кераклигини айтган.

Хупер Уайт оролидаги кексалар уйида яшайди. У мамлакатнинг энг кекса фуқароси саналади. Бундан ташқари, 2015 йилда у дунёнинг ҳам энг кекса кишисига айланди.
Хупер 1903 йилнинг 18 январида дунёга келган.

Умри давомида пианиночи бўлган, автомобилларни ижарага бериш бизнесини юритган, коллежда ишлаган. Ўғлининг айтишича, онаси доимо кечалар марказида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида ҳам дунёнинг энг кекса инсонларидан бири – 118 ёшли Садияхон она Иномова истиқомат қилмоқда. Онахон 1897 йил Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғида дунёга келган.

Бироқ юртдошимиз ҳақида на Гиннеснинг Рекордлар китоби, на жаҳон оммавий ахборот воситалари хабардор. Шу боис онахон халқаро даражадаги мутахассислар диққат марказидан четда қолмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш