Ўзбекистон | 18:59 / 19.01.2016
3469
2 дақиқада ўқилади

Андижон машинасозлик институтида таълимдаги долзарб масалаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Куни кеча Андижон машинасозлик институтининг анжуманлар залида Андижон вилояти ҳокимлиги ва Андижон машинасозлик институти ҳамкорлигида “Академик лицейлар фаолиятини такомиллаштиришда Олий таълим муассасалари олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.

Анжуман вилоятдаги Академик лицей битирувчиларини Олий ўқув юртларига тўғри йўналтириш ва уларнинг кириш кўрсаткичларини охирги уч йиллигини таҳлил қилиш мақсадида ўтказилди.

Йиғилишда Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Қахрамони, сенатор Шукуржон Маматкулов, вилоятдаги олий таълим муассасаларининг Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бўйича проректорлари, касб-ҳунар коллежлари ва Академик лицейлар директорлари иштирок этдилар.

Семинар йиғилишни Андижон машинасоздик институти ректори Анваржон Тешабаев очиб, институтда бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб ўтди.

Танқидий руҳда ўтган машваратда институт проректори Акмалжон Эрматов ўқув муассасаларининг уч йиллик сарҳисобини таққослама таҳлилда йиғилганларга батафсил тушинтириб, битирувчиларнинг Олий таълимга кириш кўрсаткичларини йилдан йилга пасайиб кетиш муаммоларига тўҳталди. Йиғилишда учинчи босқич ўқувчиларини ОТМга пухта билимга эга ҳолда тайёрлаш борасида аниқ режа ва таклифлар ўртага ташланди.

Андижон машинасозлик институти ахборот хизмати.