Иқтисодиёт | 20:02 / 19.01.2016
4550
2 дақиқада ўқилади

Эрон Европага газ етказиб беришга тайёрлигини билдирди

Эрон Европага газ етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда Эрон миллий газ компаниясининг халқаро алоқалар бўйича директори Азизулла Рамезаний маълум қилди.

“Эроннинг дунёдаги энг йирик газ захираларига эга ҳудудда жойлашгани унга барча томонга газ сотишга имкон беради”, - деди Рамезаний.
Унинг фикрича, энергия ташувчилар экспорти қўшни ёки минтақа давлатлари томонидан чекланмаслиги керак. Мос равишда, узоқ мамлакатлар, айниқса Европа Иттифоқи давлатларига газ етказиш кун тартибига чиқарилиши лозим. Зеро Европага газ экспорт қилиш иқтисодий фойда келтиришдан ташқари, халқаро ва сиёсий аҳамиятга эга.

“Айни пайтда Россия Европага 3 минг километрлик қувурлар бўйлаб газ сотмоқда. Эрон ҳам етказиб бера олади, -деди амалдор. – Биз ЕИ мамлакатлари томонидан газ ва энергетик соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш бўйича музокараларни хуш қарши оламиз”.
Эрон компанияси директорининг сўзларига кўра, табиий газни Европага етказиш бўйича турли йўналишлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Қора денгиз, Сурия, Ироқ, Туркия ёки бир қанча қувурлар орқали етказилиши мумкин. Эрон гази ўзининг бошқа рақобатчилардан арзонлиги билан ажралиб туради.