Ўзбекистон | 18:57 / 19.01.2016
5382
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари ўқув-машғулотлари ўтказишди

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида, “Достук” назорат пункти яқинида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачи қўшинлари биргаликда ўқув-машғулотлари ўтказишди. Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати хабарига асосланиб, Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Ўқув-машғулотлари давомида чегарачилар чегарани ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган шартли қоидабузарни қўлга олиш, қалбаки ҳужжатларни аниқлаш, портловчи моддани топиш ва қурол яширилган махфий жойни аниқлаш каби топшириқларни муваффақиятли бажаришди.

Ушбу намунали машғулотлар, чегарадан ноқонуний равишда қурол-аслаҳа, наркотик ва портловчи моддаларни олиб ўтишга қарши курашда, икки мамлакат чегарачи қўшинларининг хатти-ҳаракаларини мувофиқлаштириш мақсадида ўтказилди.

Ўқув-машғулотларида чегара қўшинларидан ташқари Ички Ишлар вазирлиги, Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси, Давлат Наркотиклар назорати қўмитаси ва Давлат Божхона хизматларининг ходимлари қатнашишди.