Жамият | 18:56 / 20.01.2016
7506
2 дақиқада ўқилади

Болаларига ароқ ичирган қозоғистонлик видео қаҳрамон шахси аниқланди

Ўзининг кичик ёшли қизларига ароқ ичишни ўргатган отанинг шахси Остона полицияси томонидан аниқланди. Бу ҳақда Новости-Казахстан ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахт полицияси тармоқда кенг тарқалиб, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган видеони ўрганиб, мазкур далил бўйича вояга етмаганларга аксилжамоатчилик ҳаракатларга жалб этиш моддаси бўйича судолди тергови бошланди.

“Кўрилган чора-тадбирлар жараёнида полиция ходимлари ўз уйида фарзандлари билан ҳазиломуз видеоролик суратга олишга қарор қилган 34 ёшли пойтахт фуқаросининг шахси аниқланди”, - дейилади хабарда.

Вояга етмага болаларнинг алкоголь ичимликларини истеъмол қилгани далилини ўрнатиш мақсадида экспертиза ўтказиш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни қозоғистонлик ота ўзининг кичик ёшдаги болаларига ароқ қуйиб бераётгани ва ўзи ҳам ундан истеъмол қилаётгани акс этган видео тармоқда оммалашган эди. Видеотасвирда ота фарзандларга шунчаки эрмак тарзида, уларнинг хоҳиши билан ароқ қуйиб бераётганини кўриш мумкин. Мазкур видео фейсбукда 3 кун ичида 112 минг марта кўрилган.

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 152-моддасига биноан, вояга етмаган болаларни наркотик ёки спиртли ичимликлар ичишга жалб қилиш 180-200 соат жамоат ишига жалб қилиш, 1 дан 2 йилгача ахлоқни тузатиш ишлари, олти ойгача ҳибсга олиш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо қўлланилади.