Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Меҳнат вазири: Давлат ижтимоий хизматлари аҳоли учун янада осон ва қулайлаштирилди (Интервью)
Якунланган 2015 йилда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш йўлидаги кўплаб масалалар ўз ечимини топди.
Тегишли вазирлик ва ташкилотлар нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, аҳоли бандлиги, меҳнатни ҳимоялаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш йўлидаги масалаларга ўзаро ечим изладилар. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов Uzbekistan Today нашри мухбирига берган махсус интервьюсида бу борада амалга оширилган ва оширалажак ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Азиз Абдуқаҳҳорович, якунланган йилда вазирликнинг қайси соҳасида иш жуда мураккаб ва масъулиятли кечди, деб ҳисоблайсиз?
– Якунланган йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг бор куч-ғайрати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йилнинг 16 январида Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида белгилаб берилган ва ижтимиой-иқтисодий тараққиётга мўлжалланган муҳим вазифаларни бажаришга қаратилди.
Ҳаммамизга яхши маълумки, аҳоли бандлиги масаласини ҳал этиш ҳам иқтисодий ривожланиш жиҳатидан, ҳам ишчилар ва уларнинг оилалари ижтимоий фаровонлиги жиҳатидан муҳим аҳамиятга эгадир. 2015 йили мамлакатимизда 990,4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Олдиндан ишлаб чиқилган режага кўра, бу кўрсатгич 987,5 мингни ташкил этиши керак. Мақсадли дастурлар доирасида 265 минг янги иш ўрни яратилди. Вазирлик мутахассислари янги иш ўринлари яратиш ва бандликни таъминлаш дастури ижросини мониторинг қилиб бордилар ва меҳнат қонунчилигига амал қилиниши ҳамда меҳнат муҳофазаси борасидаги масалаларни ҳал этиш ва такомиллаштириш билан шуғулландилар.
Аҳолини иш билан таъминлаш жараёнидаги қайси вазиятларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Энг аввало, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ва ўз шахсий бизнесини очишга истак билдирган ёшларга давлат томонидан кўрсатилаётган кўмакни алоҳида тилга олиш зарур. Юртимизнинг барча ҳудудларида “Шахсий бизнес учун очиқ эшиклар куни” лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур тадбир доирасида икки соат мобайнида шахсий бизнесни бошлаш учун керак бўладиган барча ҳужжатларни расмийлаштириш имкони яратилди. Энг муҳими, ҳар бир маълумотнома ёки бошқа бирор ҳужжат учун идорама-идора юришга ҳожат қолмади, тегишли идоралар ва ташкилотлар ходимлари бир неча кун давомида касб-ҳунар коллежлари биноларида ёшларни қабул қилдилар. Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича ҳам жуда катта ишлар қилинди. Бугунги кунда 2014/2015 ўқув йиллари битирувчиларининг 90 фоизи иш билан таъминланди.
Ишсиз аҳолини касбга қайта тайрлаш тизимининг ривожлантирилиши алоҳида аҳамиятга молик. Самарқандда кореялик ҳамкорларимиз билан биргаликда республикада иккинчи Касбий таълим маркази қурилиши бошланди. Мазкур марказ Тошкентдаги марказнинг айнан ўхшаши бўлади. У ерда бепул равишда вақтинча ишсиз ҳамюртларимизга турли етакчи корхоналар учун ходимлар тайёрланади. Шунга яраша марказ замонавий техника-технологиялар билан таъминланади. Дарвоқе, Тошкентдаги марказ битирувчиларининг барчаси сертирификатни қўлга киритишлари биланоқ, бир ой ичида иш топиб кетмоқдалар.
Кейинги вақтларда иш ерларида меҳнатни ҳимоя қилиш ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиш тизимини такомиллашитиришга эҳтиёж борлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу борада қандай ишлар қилинди?
– Бу борада ҳам қатор натижаларга эришдик. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича огоҳлантириш ишларида салмоқли натижага эришлганини тан олдилар. Ўтган йилда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолати кузатилмади. Ҳар қандай боланинг вазифаси – илм олиш. Мамлакатимизда болаларнинг 12 йиллик таълимни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган. Мантиқан, уларнинг ҳар бири катта ҳаётни маълум бир касбнинг дипломли эгаси сифатида бошлайди. Давлат томонидан берилган бепул таълим ҳуқуқининг таъминланиши давлат томонидан қаттиқ назорат қилинмоқда.
Ўтган йилда Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси фаол ишлади. Афсуски, баъзи жойларда ҳали ҳам меҳнат нормалари ҳимояси бузилаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, меҳнат қонунчилиги ва техника хавфсизлигига жуда ҳам диққатли бўлиш лозимлигини иш берувчиларга яна бир бор айтиб ўтмоқчиман. Вазирлик томонидан замон талабига мос равишда, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Ўтган йилнинг ўзида меҳнат муҳофазаси ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига оид 170 дан зиёд норматив ҳужжат ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ қилинди.
Меҳнат миграцияси масаласи ҳали ҳам долзарб бўлиб келмоқда. Бу жараёнлар ҳуқуқий асосда ўтказилиши учун қандай ишлар қилинди?
– Хабарингиз бор, бу масала билан вазирлик қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланади. Агентлик томонидан 2015 йилда юридик шахсларга Ватанимиз ҳудудида хорижий ишчи кучини жалб қилишга 1,5 мингта рухсатнома берилди ва Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини юритишга оид 4,8 мингта ариза тасдиқланди.
Ўзбекистон фуқароларининг Корея ва Япония билан келишув асосида хорижда меҳнат қилишларини қўллаб-қувватлаш йўлида ҳам фаол иш олиб борилди. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари билан ҳам меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ишлаб чиқмоқда.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қандай натижаларга эришилди?
– Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ўтган йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ижтимоий ҳимоянинг катта қисми айнан шу йўналишда амалга оширилди. Ўтган йили соҳада амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ёлғиз кексалар, пенсиянерлар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш ва манзилли ижтимоий ҳимоялашни янада кучайтириш бўйича” фармоннинг қабул қилингани бўлди. Мазкур ҳужжатга кўра, ёлғиз кексаларга уларнинг уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш ва уларга бепул тарқатиладиган шахсий гигиена ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тизими такомиллаштирилди.
Киритилган ўзгартиришлар, иш жараёнига яхши таъсир кўрсатди, ижтимоий хизматлар янада сифатли ва салмоқли бўлди. Ундан сўнг, вазирликнинг бутун диққат-эътибори “Саховат” ва “Мурувват” уйлари моддий-техник базасини бойитиш ишларига қаратилди. Вазирлик қошидаги фахрийлар саломатлигини тиклашга йўналтирилган санаторийлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, иш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жалб қилиш орқали вазирлик аҳолига янада очиқ ва яқин бўлди. Ўтган йили вазирликда кўптармоқли чақирув маркази (call centre) ташкил этилди ва 200-06-00 рақамларида иш бошлади. Марказ узлуксиз фаолият олиб боради ва Республикамизнинг ҳар бир фуқароси қўнғироқ қилиб, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича ўзини қийнаётган муаммо юзасидан маслаҳат ва ахборот олиши мумкин. Бундай маълумотларни вазирликнинг расмий сайти www.mehnat.uz. дан ҳам олиш мумкин. Ҳозирги кунда Республикамизнинг барча вилоятлари бўйича бўш иш ўринларини расмий сайтдан ҳам билиб олиш мумкин. Интерактив хизматлар ҳам жорий қилинган. Эндиликда ягона порталнинг интерактив хизматлари орқали уй шароитида ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйларига жойлашиш бўйича керакли маълумотлар ва ҳужжатларни олиш, вақтинча ишсиз фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиш, фарзандли бўлганлиги ва фарзандни парваришлаш муносабати билан моддий ёрдам олишга доир аризаларни тўлдириш имконияти мавжуддир.
Вазирликнинг 2016 йилга мўлжалланган режалар қандай?
– Бу йилда ҳам биз бошлаган ишларимизни давом эттирамиз, янги ташаббусларни амалга оширамиз. Қабул қилинган “Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”га мувофиқ 2016 йилда жами 369,9 мингта янги иш ўрни яратилади. Мазкур иш ўринларининг 130,7 мингги саноат соҳасида; 54,5 мингги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саҳоси (чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, савзовотчилик, ипакчилик, узумчилик) да; 56,6 мингги қурилиш соҳасида; 39,7 мингги ижтимоий инфратузилмада; 45,8 мингги эса, фаолияти тўхтаб қолган корхоналарнинг қайта тикланиши эвазига ташкил этилади. Умумий ҳисобда, 2016 йилда 992,7 минг юртдошимиз иш билан таъминланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши кутилмоқда. Қонун қабул қилингач, унга кўра иш тизимимизда ҳам ўзгариш амалга оширилади. 2016 йилнинг асосий вазифаси эса, “Соғлом она, соғлом бола йили” Давлат дастури ва 2020 йилгача ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Давлат дастури мақсад ва вазифаларини амалга оширишдир.