Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда 2015 йилда озиқ-овқат саноатида 16,7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди
2015 йилнинг 12 ойида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатининг ривожланиш якунлари бўйича ҳисобот эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берган.
Реал сектор корхоналарида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришнинг ўсишини таъминлади. 2015 йилнинг январь-декабрь ойларида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш умумий ҳажми 16729,2 млрд сўмни, ўсиш суръати эса ўтган йилга нисбатан 114,4 фоизни ташкил этди. Тармоқнинг республика саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 2014 йилнинг январь-декабридаги – 17,1 фоиздан 18,2 фоизга етди.
2014 йилга нисбатан маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми шакар саноатида – 23,7 фоизга, мева ва сабзавот саноатида – 17,9 фоизга, гўшт ва сут саноатида – 5,7 фоизга, ёғ ва мой саноатида – 3,7 фоизга ўсгани кузатилди.
Ҳисобот даврида, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан, тармоқнинг йирик корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ҳажмлари қуйидаги маҳсулот турлари бўйича оширилди: гўшт консервалари – 8,0 мартага, гўшт ва ўсимлик консервалари – 2,0 мартага, шинни (меласса) – 40,9 фоизга, маргарин ва спредлар – 16,5 фоизга, мармелад, желе – 20,2 фоизга, узоқ сақланмайдиган қандолат маҳсулотлари – 17,8 фоизга, шакар – 16,3 фоизга, узоқ сақланмайдиган бошқа нон маҳсулотлари – 14,0 фоизга, ишлов берилган суюқ сут – 11,4 фоизга, сарёғ – 7,9 фоизга, буғдой нони – 6,3 фоизга.
Шунингдек, 2014 йилга нисбатан, спирт настойкалари (113,4 фоиз), пиво (105,3 фоиз) ишлаб чиқариш ҳажми ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми Тошкент шаҳри (тармоқнинг умумий ҳажмидаги улуши 22,2 фоиз), Тошкент (18,2 фоиз), Самарқанд (13,4 фоиз) ва Фарғона (6,5 фоиз) вилоятлари корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Тармоқдаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 14,3 фоизга ошиши таъминланди, ҳамда уларнинг озиқ-овқат саноати жами ҳажмидаги улуши 69,0 фоизни ташкил этди.
2015 йилда республикада 1501та озиқ-овқат саноати корхоналари янгидан ташкил қилинган, 2016 йил 1 январь ҳолатига республикада тармоқнинг 8711та корхонаси фаолият кўрсатмоқда.