Технология | 00:03 / 21.01.2016
4132
2 дақиқада ўқилади

2016 йилда ноутбукларга янада талаб камайиши прогноз қилинмоқда

Digitimes Research таҳлилчилари жорий йил учун ноутбуклар жаҳон бозори бўйича прогноз беришди: мутахассисларнинг фикрича, бундай қурилмаларга талаб камайишда давом этади.

Баҳолашларга кўра, 2015 йилда жаҳон бўйлаб 157,4 млн дона ноутбук сотилган. Бу кўрсаткич 2014 йилдаги савдо кўрсаткичларидан 9 фоиз камроқ бўлган. Прогнозларга кўра, 2016 йилда ноутбуклар савдоси яна 2,5 фоизга камаяди ва 153,5 млн донани ташкил қилади.

2016 йилда энг кўп ноутбук сотадиган компания Хитойнинг Lenovo компанияси бўлади, унинг ҳиссасига жами савдонинг 22,5 фоизи тўғри келади. Тахминларга кўра, компания йил давомида 34,5 млн дона ноутбук сотиши мумкин.

Бу борада 2- ва 3-ўринни Hewlett-Packard ва Dell компаниялари эгаллайди, уларнинг ҳиссасига жами савдоларнинг мос равишда 21,4 ва 13,8 фоизи тўғри келади. Бу компаниялар жорий йил давомида мос равишда 32,8 ва 21,1 млн дона ноутбук сота олишлари мумкин.

Шунингдек, етакчи ноутбук ишлаб чиқарувчилар орасидан Apple (11,9 %), ASUS (10,2 %), Acer (8,9 %), Samsung Electronics (2,8 %), Toshiba (1,7 %) ва Fujitsu (1,1 %) компаниялари ҳам ўрин олади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш