Иқтисодиёт | 18:24 / 21.01.2016
4625
2 дақиқада ўқилади

Кудрин Россиядаги иқтисодий вазиятни 1998 йил билан қиёслади

Россиянинг собиқ молия вазири, фуқаролик ташаббуслари қўмитаси раҳбари Алексей Кудрин Business FM радиосига берган интервьюсида нефть бозоридаги тушиш 1998 йил даражаси билан тенглашганини таъкидлади.

Унинг сўзларига қараганда, таҳлилчилар тушиш даражасини назорат остига ололмайди.
“Биз тенденцияни кўриб турибмиз, лекин уни охиригача тушунмаймиз, унинг охирги нуқтаси қаерда бўлиши мумкинлигини билмаймиз. Ҳаттоки жаҳондаги нархларни тушириб, ўз улушини сақлаб қолишни мақсад қилган Саудия Арабистонининг хатти-ҳаракатлари фақатгина омиллардан биридир. У ҳам тушишни бошқара олмайди”, - деб ҳисоблайди эксперт.

Собиқ вазирнинг фикрича, яқин бир неча ой ичида, ОПЕК бирор қарорга келмас, Саудия Арабистони эса курсини давом эттираркан, нефть нархи янада тушади.

“Муаммонинг чуқурлиги 1998 йил билангина қиёсланиши мумкин, - деди Кудрин. – Эслашимча, 1998 йилда бир неча ой давомида нефтнинг баррели 8 доллар бўлиб турди. Агар буни жорий йил нархларига ўтказсак ва инфляция индексларини ҳисоблаб чиқсак, бу 13-14 доллар демакдир. Ва бу нарса яна такрорланиши мумкин. Шу боис охирги нарх қанақа бўлишини аниқ айта олмаймиз, у жуда паст бўлишинигина биламиз”.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш