Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машҳурлар ҳаётидан: Марк Твен ҳаётидан ибратли ва қизиқарли воқеалар
Машҳур адибнинг ҳаёти ибратли ва қизиқарли воқеаларга бой. Унинг афоризмлари ва бетакрор гаплари ҳам дарров диққатни торта олади. Қуйида Марк Твен билан боғлиқ бир қанча қизиқарли янгиликлардан баҳраманд бўласиз, деган умиддамиз.
Марк Твен янги қурилган магистралдан ўтаётиб қуйидагини ёзувни ўқийди: «Бу йўлдан Марк Твен ўтган. Йўлдан ўтиш нархи - 10 цент!”. Твен хўжайинга юзланиб, бу йўл эндигина қурилганини, бу ердан бирон марта ўтмаганлигини айтади. Эртаси куни эълон ўзгаради: “Ҳозиргина машҳур ёзувчи Марк Твен бу йўлдан ўта олмади! Сиз эса ўтиш учун энди 25 цент тўлайсиз! Бу ҳақида Марк Твеннинг янги романида ўқинг!”. Ёзувчи хўжайинга ўз ғазабини намоён қилгач, эълон яна алмаштирилади: “Ҳаттоки машҳур Марк Твен бу янги йўлнинг кўркамлигини таърифлашга сўз топа олмаяпти! Энди Сиз йўлдан ўтиш учун 50 цент тўлайсиз!!!”;
Марк Твен чақалоқ пайти унинг эгизаги тоғорада чўкиб кетиб, вафот этади. Твеннинг бу ҳолатга таърифи эса оригинал: “Шундай қилиб, ҳалигача ким чўкиб ўлганини ҳеч ким билмайди: менми ёки эгизагим?!”;
Марк Твен газетада муҳаррир бўлиб ишлаган. Бир сафар унга почта орқали ўқувчилардан бирининг хати, унинг ичида эса хароб аҳволдаги шеър чиқади. Шеърнинг номи ҳам ажойиб: “Мен нега тирикман?”. Марк Твен чала шоирга хат юборади: «Хатни шахсан ўзингиз олиб келмаганлигингиз туфайли тириксиз!”;
Марк Твенни Янги йил куни меҳмонга таклиф қилишади. Оиланинг ажойиб одати бор эди. Ўша куни тайёрланувчи чучваралардан бирининг ичидан тугма ёки танга чиқар, уни топган одамга бахт ва омад кулади дейишарди. «Жаноб Твен, таомни ким биландир ейиш мароқли, агар хоҳласангиз кимнидир таклиф қилишингиз мумкин. Хўш, кимни таклиф қиласиз?” - дейди мезбон. Твен юқоридаги одатни эсдан чиқармаган ҳолда жавоб беради: “Жаноб, Рентгенни, албатта!”;
Марк Твен бир танишига мурожаат қилади: «Ётоқдан жой олишим билан каравот тагида кимдир бордек туюлаверади. Кроват тагига кираман, шунда кроват устида кимдир бордек туюлади. Даҳшат! Бу кетишда ақлдан озаман!”. Твеннинг таниши эса оқилона маслаҳат бериб, дўстини бу ҳолатдан қутқаради: “Кроватингнинг оёқларини арралаб ташла!”;
Марк Твен ўзи ишлайдиган газетада бир чайқовчи ҳақида мақола чиқаради. Мақолани шундай якунлайди: «Бу одам ҳаттоки юзига тупуришимизга ҳам арзимайди!”. Жаҳл отига минган чайқовчи раддия талаб қилади. Твен эса келаси сонда қуйидаги сўзлардан иборат раддияни чоп эттиради: «Бу одам юзига тупуришимизга арзийди!”;
Марк Твен якшанба кунги диний ваъзни тинглаб бўлгач, руҳонийнинг олдига келиб, шундай дебди: “Сизнинг бугунги ваъзингиз ажойиб бўлди. Лекин менга жуда ҳам таниш туюлди. Назаримда, ваъзингизнинг ҳар битта сўзини уйимнинг токчасида турган китобдан кўчириб олгансиз!”. Руҳоний тутоқиб кетганча, ундан исбот талаб қила бошлабди. Марк Твен эса уйига бориб, токчада турган ўша китобини руҳонийга жўнатишини айтади. Бир неч кун ўтиб, руҳонийга Марк Твен юборган луғат китоби келади;
Марк Твен ёнғин чиққанда сақлаб қолиниши керак бўлган 27 нарсанинг рўйхатини эринмасдан тузиб чиқади. Биринчи навбатда хотинни қутқариш кераклиги уқтирилади. Ҳазилкаш Твендай ўйлаб, 27-ўриндагини топиб кўринг-чи! Жавоб: ҚАЙНОНА…
“Одамлар учун энг хавфли жой қаер?” - дейилса, турли нотинч давлатлару, экстремал ҳудудларни эсга оламиз. Марк Твен фикри эса қуйидагича: “Дунёдаги энг хавфли, энг кўп инсон ҳалок бўлувчи жой бу - ётоқдир!”. Ҳақиқатдан ҳам кўпчилик ўз ажали билан, ўз ётоғида жон беради…
Марк Твенга аноним хат келади. Унда фақатгина “Чўчқа” деб ёзилганди. Марк Твен эртаси куни газетада чиқиш қилади: “Авваллари имзосиз хатлар олардим, кеча менга хатсиз имзо келди!”;
Марк Твен бир хонимга тушлик столи томон кузатиб кетаётганда хушомад қилибди: “Сиз жуда ҳам мафтункорсиз!”. Аёл унга жавоб қилибди: “Афсуски мен Сиз ҳақингизда бундай дея олмайман!”. Твеннинг кейинги гапи хонимни хурсанд қилмагани аниқ: “Нимаси қийин? Сиз ҳам менга ўхшаб ёлғон гапираверинг!”;
Марк Твен фикрича аёл учун қилинувчи энг омадли, шу билан биргаликда энг сўнгги хушомад бу турмуш қуриш ҳақидаги таклифдир;
Марк Твеннинг қуйидаги афоризми ҳақиқатдан-да ажойиб: “Инсон шундай яшаши керакки, у ўлганида ҳатто гўрков ҳам қабр устида кўз ёш тўксин!”;
Азиз ўқувчи, барчамизга вақти келганида ҳар қандай одам ҳавас қилувчи ҳаёт йўлини босиб ўтиш насиб қилсин, илойим! Кейинги мақолалар орқали ғойибона учрашгунча! Омон бўлинг!!!
Интернет маълумотлари асосида Баҳодир Аноров тайёрлади.