Жаҳон | 22:39 / 24.01.2016
6865
1 дақиқада ўқилади

Дубайдаги энг машҳур меҳмонхонанинг майдони палуба ёрдамида оширилади

Дубайдаги энг машҳур меҳмонхона “Бурж ал-Араб”нинг майдонини Форз кўрфази суви устига ўрнатиладиган палуба ҳисобига оширилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда Al Arabiya нашри.

Меҳмонхонани бошқарувчи Jumeirah Group компаниясида маълум қилинишича, 10 минг квадрат метрга эга палуба Финляндиянинг кемасозлик компанияси томонидан яратилмоқда. Таъкидланишича, бу лойиҳа шундай йирик ўлчамдаги объектни транспортировка қилишнинг илк ҳолати бўлади. Палуба февраль ойи ўрталарида БААга олиб келинади ва бир нечта металл қозиқларга ўрнатилиши бошланади.

Палубада иккита бассейн, 400 та шезлонг, бар ва ресторан жойлаштирилади. Бу қурилиш меҳмонхона 1999 йилда очилгандан бери унда амалга оширилган энг йирик реконструкция бўлади.

60 қаватли “Бурж ал-Араб” меҳмонхонасининг қурилиши 1994 йилда бошланган. Елкан кўринишидаги бино соҳилдан 280 метр узоқликда яратилган сунъий орол устида туради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш