Иқтисодиёт | 09:21 / 26.01.2016
2859
2 дақиқада ўқилади

Ford Япония ва Индонезия бозорларини тарк этмоқда

Ford Motor автомобиль ишлаб чиқарувчиси 2016 йил охирига қадар кам савдо бўлгани сабабли Япония ва Индонезия бозорларидан тўлиқ чиқиб кетмоқчи. Япониянинг Nikkei нашри маълумотига кўра, компаниянинг мазкур бозорлардаги улуши бор йўғи 0,1 ва 0,6 фоизни ташкил этмоқда.

“Маълум бўлдики, бу ерда барқарор фойда олиш учун йўл йўқ ва биз қанчадир вақтдан кейин Япония ва Индонезиядаги сармояларимизда фойда ололмаймиз”, - дейилади концерн вакилининг баёнотида.

Тахминларга кўра, бир йил ичида Ford Япониядаги 292 киши ишлайдиган барча 52та ваколатхонасини ёпади. Худди шундай ҳолат Индонезияда ҳам амалга ошади. Бу мамлакатда Ford`нинг 44та маркази мавжуд.

Айни пайтда Япония автомобиль бозорининг 90 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эгаллаган. Шунингдек, японлар Индонезия бозорининг ҳам қарийб тўлиқ “забт этишган”. Ford эса ўтган йили мазкур икки давлатда 5 минг ва 6,1 минг машина сота олган.