Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машҳурлар ҳаётидан: автомагнатларни ақлдан оздираёзган Генри Форд
Оддий оиладан чиқиб, нафақат ўзининг, балки кўплаб инсонларнинг тақдирини ўзгатириб юбора олган ишбилармон Генри Форд ҳаёт йўли билан танишар эканман, унинг ақл, ишбилармонлик, камтарлик ва ўзгаларга ёрдам беришдан лаззат туйиш хислатларига эгалиги диққатимни тортди. Форд кўпчилик бойлар каби хасислик, атрофдагилар билан муносабатларни фақат манфаат асосида қуришдек иллатлардан анча узоқда эди. Мазкур мақола орқали Форднинг ҳикматли фиклари ва унинг ҳаётида юз билан ажойиб воқеалардан бир нечтаси билан таништиришга ҳаракат қиламиз!
Флоридада саёҳат қилиб юрган Форд қимматбаҳо машинасини юргиза олмаётган эркакка дуч келади. Форд озгина ҳаракат қилиб, машинани юргизиб беради. Қувониб кетган эркак ўз халоскорига 10 доллар узатади. Форд пулга муҳтожлик жойи йўқлигини айтиб, уни рад этади. Эркак унга шундай дейди: “Узр, мен Сиз миниб юрган “Форд” машинасига қараб, Сизни у қадар бой эмассиз деб ўйлагандим!”. Ўша пайтларда «Форд” энг арзон машина ҳисобланарди. Камтарликни хуш кўрувчи автомагнат эса бундан сира уялмаган;
Генри Форд бир сафар шундай ҳазиллашган: “Жудаям қизиқ. Менга ишчиларимнинг фақатгина иккита қўли керак. Лекин мен доим қўлга қўшиб, уларнинг бутун бошли танасини ҳам ишга оламан”;
Генри Форднинг бир камчилиги бор эди. У маълум муддат яҳудийларга қарши сиёсатга хайрихоҳлик билдирган. Ўша пайтларда Уильям Фокс исмли шахс қизиқ бир усул билан уни бу йўлдан қайтаришга уринади. “Жаноб Форд, бу йўлдан қайтинг! Акс ҳолда, журналимизнинг ҳар битта сонини аварияга учраган “Форд” автомобилларининг суратлари “безайди”. Камига аварияга сабаб автомобилларнинг терилишдаги камчиликлари деб изоҳ берамиз!”;

Генри Форд эндигина машиналар ишлаб чиқара бошлаган вақтларда шундай деганди: “Одамлардан нима хоҳлайсиз, деб сўрасам, янаям тезроқ югурувчи от дейишлари аниқ”. Форд консерватив руҳ эгаси бўлган, отларни қулайроқ деб билувчи миллионлаб инсонларнинг қарашларини ўзгартира олди;
Форднинг заводида Герни Беннет исмли шахс ишларди. У ишчилар типратиканга ўхшаб кетувчи қўлқопларни кийишини назорат қилиб турарди. Бир сафар журналистлар Беннетга савол беришади: “Агар Форд Сиздан эртага осмондаги Қуёшни олиб ташлашни буюрса, нима қиласиз?”. Беннетнинг жавоби қуйидагича: “Ҳа, бу бироз мураккаб. Лекин агар Форд шу буйруқни берса, эртага ҳамма ишчилар қора кўзойнак тақиб келишади”;
Машҳур режиссор Френсис Форд Коппола Генри Форд томонидан асос солинган шифохонада дунёга келган. Бунинг аломатларини унинг исмида ҳам кўриш мумкин;
Детройтдаги заводда Форд даврида ҳам, унинг ворислари даврида ҳам бошлиқ учун алоҳида хизмат хонаси бўлмаган. Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. Хона бўлмагандан кейин Форд бир жойда ўтирмасди. Исталган жойда, исталган вақтда пайдо бўлиб қолиши мумкин эди. Бошлиқнинг тўсатдан пайдо бўлиш эҳтимоли борлигини англаган ишчилар эса доимо бор кучи билан ишлашда давом этишарди;
Юқоридаги айёрлик Форд томонидан ишлатилган уддабурон чоралардан биттаси холос. Иш вақтида турли хил кўзбўямачиликлар юз бермаслиги учун Форд ҳатто ҳожатхоналарга ҳам эътибор қаратган. Форд заводидаги унитазларининг ўтириш қиялиги жуда ноқулай бўлиб, шу ноқулайлик ишчилар бу ерда узоқ қолиб кетмаслигини кафолатларди;
Яна бир усул эса Форднинг ўта ақлли инсон эканлигини исботлайди. У янги ишчиларга ҳар доим бир вазифани топширарди: Кўча тарафдаги ойналарни бир неча кун давомида артиш. Мақсад эса ажойиб! Бу ишни қилаётган ишчи ташқарида ишсиз юрган ночор одамларни кўрарди. Шундан сўнг ишсиз қолишдан қўрқиб, астойдил ишлашга киришарди;

1914 йилда Генри Форднинг қилган қарори бошқа автомагнатларни салкам ақлдан оздирганди: Форд ўз ишчиларининг маошини икки баробарга кўтаради. Унинг қилган қарори қанчалик оқилона бўлгани кўп ўтмай аён бўлди. Гап шундаки, бироз вақт ўтиб пули кўпайиб қолган ишчиларнинг машина сотиб олишга қурби етарди. Сотиб олганда ҳам табиийки “Форд” машинасини харид қилишарди. Бу эса катта пул айланмасига эга бўлиш дегани эди;
Форд ўз машиналарини конвейер усулида ишлаб чиқарган. Бу жуда самарали усул бўлиб, ҳар ким алоҳида вазифа бажарар, иш тўхтаб қолмасди. Шу билан боғлиқ бир афсона бор. Айтишларича, Форд бир сафар қассобхонага борибди. Лаҳм гўштга биринчи қассоб, сон гўштига иккинчи қассоб, қовурға гўштига учинчи қассоб жавоб берар, улар ишни жуда тез амалга оширишарди. Форднинг миясига ажойиб фикр келади ва шу кўринишдаги ишлаб чиқаришни амалга тадбиқ этади;
Генри Форд заводининг дарвозаларига осилган машҳур фикрни Европадаги кўплаб йўлларда ҳам ўқиш мумкин: “Ҳайдовчи! Унутма, Худо инсонларни эҳтиёт қисмларисиз яратган!