Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада ҳар бир қуёндан 25 кг.гача гўшт олинмоқда
Бугун Фарғона вилоятида 10 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 2015 йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7 фоизга ўсгани ҳам соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.
Кейинги йилларда вилоятда қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни жараёнда вилоятда қуёнчиликка ихтисослашган битта йирик комплекс ҳамда ҳар бир туманда ушбу йўналишда иккитадан хўжалик ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қува туманидаги “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси мазкур соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган фермерлар учун тажриба хўжалиги сифатида иш олиб бораётир.
– Қуёнчилик ҳам сердаромад соҳа, – дейди “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси раҳбари Бобур Насриддинов. – 2009 йилда ташкил этилган хўжалигимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, наслли қуён зотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
– Интернет тармоғи орқали соҳага оид сўнгги янгиликлар, қуён парваришлаш, насл олишдаги илғор тажрибалар, технологик жараёнларни диққат билан ўрганиб борамиз, – дейди хўжалик ветеринари Омонжон Собиров. – Гўшт йўналишида боқиладиган қуённинг жаҳон миқёсида энг юқори маҳсулдорлик кўрсаткичи 25 килограмм ҳисобланади. Бизнинг хўжаликда ҳам ушбу йўналишда ҳар бир қуёндан 25 килограммгача парҳезбоп гўшт маҳсулоти олинмоқда. Қуён гўшти келишув асосида қўшни вилоятлар ва пойтахтимиз бозорларига етказиб берилаётир.
Қуёнчилик – истиқболли тармоқ. Қуён товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, Антарктидадан ташқари ер юзининг барча минтақасида тарқалган. Ҳозир фанга қуённинг 50 дан ортиқ зоти маълум. Олинадиган маҳсулотга қараб икки катта гуруҳга ажратилади – гўшт ва тери берадиган қуёнлар.Музлатилган қуён гўштидан йилнинг исталган фаслида фойдаланиш мумкинлиги унинг парҳезлик ва бошқа хусусиятларини оширади. Гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги ҳисобга олиниб, тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади. Ўзбекистонда ҳозир уй шароитида қуёнбоқарлар кўпроқ оқ великан, кулранг великан, оқ момиқ ва ангор зотли қуёнларни кўпайтирмоқда. Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун туради.
Қулай иқлим шароити, хомашё базаси, табиий ер майдони етарли экани вилоятда қуёнчиликни янада ривожлантириш имконини беради.
Манба: ЎзА.