Ўзбекистон | 21:41 / 27.01.2016
3927
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МСК 2015 йилги фаолиятини сарҳисоб қилди

26 январь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2015 йилда амалга оширган фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ҳамда Комиссиянинг 2016 йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси муҳокама этилди.

Мажлисда таъкидланганидек, Комиссиянинг 2015 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги сайлов қонунчилиги, Комиссиянинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилди ва асосан парламент ва президентлик сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилди. Бутун сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралиги миллий ва хорижий ОАВ фаол иштирокида таъминланди.

Ҳисобот йилида Комиссиянинг 22 та мажлиси ўтказилиб, уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари ва Комиссия фаолиятининг бошқа жиҳатлари билан боғлиқ 46 та қарор қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси БСОА, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ доирасида халқаро ҳамкорлигини ривожлантирди ҳамда хорижий мамлакатлар сайлов органлари билан икки томонлама алоқаларини мустаҳкамлаб келмоқда. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг вакиллари Доминикан Республикасида бўлиб ўтган БСОА Бош ассамблеясининг ишида иштирок этди. ЕХҲТ кўмагида Буюк Британия, Даниянинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тажрибаси, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва қўллаш амалиёти ўрганилди. Марказий сайлов комиссиясининг вакиллари МДҲ ва ШҲТ миссиялари, БСОА экспертлари таркибида Беларусь Республикаси, Арманистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизстон каби МДҲ қатор мамлакатларидаги сайлов ва референдумларни кузатишда қатнашдилар бундан ташқари, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги миллий экспертларимиз Сербия, Корея Республикаси, Ҳиндистонда ташкил этилган ўқув тренингларида иштирок этдилар.

Комиссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киртиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш масаласини кўриб чиқдилар.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.