Жаҳон | 23:28 / 27.01.2016
4300
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда унга нархлар давлат томонидан тартибга солинади

Қирғизистон ҳукумати унга нархларни давлат томонидан тартибга солишни киритмоқда. Бу чора аҳолини арзон нархларда ун билан таъминлашга қаратилган.

Бу ҳақда 26 январда журналистларга Қирғизистон тадбиркорлари иттифоқи ҳузуридаги ун-тегирмон қўмитаси раиси Ботир Тўрабоев маълум қилди.

“Қирғизистоннинг иқтисодиёт вазирлиги, антимонопол тартибга солиш давлат агентлиги ва ун-тегирмон корхоналари ўртасида унга нархларни тартибга солиш бўйича келишув имзоланди. Келишувдан мақсад аҳолини арзон нархлардаги сифатли буғдой уни билан узлуксиз таъминлашдан иборат”, деб айтди Тўрабоев.

Тўрабоевнинг айтишича, ун таннархи буғдой нархига боғлиқ бўлади ва имзоланган келишувларга кўра ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 70 фоизи ун комбинатлари жойлашган жойларда улгуржи нархларда сотилиши керак. 3-навли буғдойни сотиб олишга шартномалар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тузилади, нархлар кескин ошиб кетадиган бўлса, нархларни барқарорлаштириш учун сайёр ярмаркалар ташкил этилади.

Айни вақтда Қирғизистонда 34 та ун-тегирмон комбинати фаолият юритади, улар кунига 3400 минг тонна ун ишлаб чиқаради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш