Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўштирноқ ичидаги муллалар
“Юртимизда бугунги бунёдкорлик ишларимизда фаол қатнашаётган, давлатимиз сиёсатини қўллаб-қувватлаётган, ҳар ибодатида Ватанимиз тинчлиги, халқимиз омонлигини Яратгандан илтижо қилиб яшайдиган миллионлаб соф ниятли мусулмонлар бор. Уларнинг ўз диний эҳтиёжларини бундан буён ҳам эмин-эркин адо этишлари учун ҳеч қандай монеълик қилинмайди. Мен бунга асло йўл қўймайман”.
Ислом Каримов
Маҳалла азалдан тарбия, маърифат ва маънавият ўчоғи, миллий қадриятлар ҳамда халқимизнинг турмуш тарзини шакллантирувчи маскан сифатида эътироф этиб келинади. Дарҳақиқат, саховатпеша халқимиз топганини эл-юрт олдига қўйсам дейди, шундан завқланади. Шунингдек, халқимизнинг ҳар бир яхши ва ёмон куни маҳалласиз ва масжид имомларисиз ўтмайди.
Афсуски, халқимизнинг ана шундай урф-одатидан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган ғаразли кимсалар – қўштирноқ ичидаги муллалар ҳамон топилади. Балои нафс йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган диний билими саёз, турли ихтилофларга сабабчи бўладиган бу кимсалар хусусида бир ўйлаб кўрсак ёмон бўлмас эди.
Бу борада А.Тулеповнинг “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми!” номли мақоласидан иқтибос келтирамиз.
“Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида “мулла” ёки “домла” деб танилган чаласавод кимсалар зимдан фаолият олиб бораётгани кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато, зарарли эканига амин бўламиз:
Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи “домла” деб номлаб, шаръий ҳукумларни билмаган, ҳатто оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган ҳамда тафсир, хадис, фиқҳдан хабарсиз киши қандай қилиб намоз, рўза, закот, никоҳ ва талоқ каби нозик масалалар хусусида сўз юритиши ёхуд фатво бериши мумкин? Бу нарсалар ақлга сиғмайдиган ишдир.
Албатта, бундай чаласавод кишилар, аввал турли жойларда ишлаган, энди узун соқол қўйиб, салла-чопон билан, бир-икки оят ёки ҳадисни ёдлаб ўзларича донолик қиладиган, ўзини “уламо” ёки “мулла” деб атайдиган кимсалар имомлик вазифаси қанчалик қийин ва масъулиятли эканини ҳис қилмайдилар”.
Халқимиз бундай шароитда ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлиши, меҳроб ва минбарнинг ҳақиқий эгалари имом-хатибларимизга эргашиши, аксинча чаласавод муллалардан узоқ бўлиши зарур.
Қуйидаги бир жиноятнинг қисқача шарҳи юқоридаги фикримиз далилидир.
2012 йилда халқимизга хос бўлган урф-одатга кўра, бир инсон ўз хонадонида маросим ўтказади. Унда иштирок этган чаласавод мулла фурсатни ғанимат билиб, ўзининг жиноий ҳамтовоқларига уйнинг кўриниши, қаердан кириб қаердан чиқиб кетиш чизмасини тақдим этади. Бунинг оқибатида эса, ушбу хонадонда босқинчилик содир этилади. Хонадон эгалари ҳам маънан ҳам моддий жиҳатдан зарар кўради. Ана шундай воқеаларнинг олдини олиш учун ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз лозим. Чаласавод муллаларнинг қинғир ишларига асло йўл қўймаслигимиз зарур.
Ўткир Ҳошимовнинг қуйидаги битигида “Қўшни қишлоқда туғилган донишманддан кўра, ўз қишлоғимдан чиққан телба афзал дейдиганлар жамият илдизига тушган қуртдир!” – деб айтилган.
Бугун юртимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, ҳозирги пайтда мамлакатимизда мавжуд 9787 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида, жами 36587 нафар ходим, жумладан, йиғин раиси, масъул котиб, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари самарали фаолият кўрсатаяпти.
Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳам ана шу жараёнда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тарихан таркиб топган миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, соҳага тааллуқли қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни тўлиқ таъминлашлари ва бу борада маҳалла оқсоқоллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги масжид имом-хатиби билан ҳамкорликда ишлашини мустаҳкамлаш даркор.
Манба: muslim.uz