Иқтисодиёт | 22:34 / 28.01.2016
5097
1 дақиқада ўқилади

Украина дунё бўйича нархлар ўсиши борасида етакчи бўлди

Украина 2015 йил натижаларига кўра инфляция даражаси бўйича дунёда етакчи бўлди, мамлакатда нархлар 43,3 фоизга ошган. Бу борада 2-ўринни Қозоғистон (13,6 фоиз), 3-ўринни Россия эгаллади (12,9 фоиз). Бу ҳақда Россия статистика бошқармаси маълум қилди.

Юқори инфляция даражаси, шунингдек, Беларусда (12 фоиз), Бразилияда (10,7 фоиз), Туркияда (8,8 фоиз) ҳам кузатилди. АҚШда маҳсулотлар ва хизматлар нархи 0,7 фоизга, Германияда эса 0,2 фоизга ошган.

Бир қатор Европа давлатларида эса аксинча, дефляция кузатилди. Нархлар энг кўп миқдорда Швейцарияда (1,4 фоиз), Болгарияда (0,9 фоиз) ва Руминияда (0,7 фоиз) пасайган.

Россия сатистика бошқармасининг маърузасида йирик жаҳон давлатлари кўрсаткичлари таққосланади, шунинг учун баъзи давлатлар, мисол учун Венесуэла рўйхатга киритилмаган. Венесуэла марказий банкининг маълумотларига кўра, бу давлатда 2014 йилнинг сентябридан 2015 йилнинг сентябригача инфляция даражаси 141,5 фоизни ташкил қилган. Халқаро валюта жамғармасининг тахминича, 2016 йилда Венесуэлада инфляция 720 фоизгача етади.