Жаҳон | 09:28 / 28.01.2016
13328
2 дақиқада ўқилади

Владимир Путиннинг Россиядаги рейтинги пасайди

Жамоат фикрини ўрганувчи “Левада-центр” томонидан январда ўтказилган сўровномага кўра, россияликлар орасида Россия президенти Владимир Путиннинг амалга ошираётган ишларини маъқуллаш рейтинги 82 фоизга тушиб кетди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. Сўровномага кўра, сўровнома иштирокчиларининг 18 фоизи Путиннинг олиб бораётган ишларидан қониқмаётганини билдирган.

Бу орада сўралганларнинг 45 фоизи Россия тўғри йўналишда бораётганини таъкидлашган. Ваҳоланки, 2015 йил июнь ойи натижаларига кўра, бу кўрсаткич 89 фоизни ташкил қилганди, декабрь ойида эса 85 фоизга тушиб кетган.
Сўралганларнинг 34 фоизи Россия нотўғри йўналишда кетаётганини таъкидлашган.

Шунга қарамасдан, россияликлар орасида энг кўп ишонч билдириладиган сиёсатчилар орасида Путин 1-ўринни эгалламоқда. 2-ўринни мудофаа вазири Сергей Шойгу эгалламоқда, унга сўралганларнинг 26 фоизи ишонч билдирган. 3-ўринни ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (20 фоиз), 4-ўринни бош вазир Дмитрий Медведев (16 фоиз) эгалламоқда.

“Левада-центр” бу сўровномани 22-25 январь кунлари ўтказган, сўровномада Россиянинг 48 та ҳудудидан жами 1600 киши иштирок этган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш